Саломатлик – ижод унумининг муҳим омили

Вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан 27 июнь — Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан журналистлар, блогерлар, ижодкорлар ҳамда медиа соҳаси вакиллари учун 25-26 июнь кунлари чуқурлаштирилган тиббий кўрик ташкил этилди.
Тиббий кўрик Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази Самарқанд вилоят минтақавий филиалида юқори малакали шифокорлар иштирокида ўтказилмоқда. Унда иштирокчилар кардиолог, невропатолог, эндокринолог, офтальмолог ва бошқа тор доирадаги мутахассислар кўригидан ўтиб, саломатлик ҳолатини аниқлашга қаратилган замонавий ташхис текширувларидан фойдаланмоқда.

– Кишига аввало соғлик керак, – дейди журналист Дилмурод Тўхтаев. – Ҳар қандай касб эгаси, хусусан, ижодкорлар ҳам саломат бўлса, меҳнати унумли бўлади, янги ғоялар пайдо бўлади, илҳоми ошади. Бугунги чуқурлаштирилган тиббий кўрик эса ўз вақтида саломатликни назорат қилиш, эҳтимолий касалликларни эрта аниқлаш ва уларнинг олдини олишда муҳим аҳамиятга эга. Бу каби хайрли ташаббуслар ижод аҳли учун катта ғамхўрлик намунасидир.
Таъкидлаш жоизки, мазкур тиббий кўрик оммавий ахборот воситалари вакиллари саломатлигини мустаҳкамлаш, касалликларнинг эрта профилактикасини таъминлаш ҳамда уларнинг самарали меҳнат қилиши учун муносиб шарт-шароит яратишга хизмат қилади.

Наврўзбек Очилов,
Отабек Убайдуллаев (видео).