Самарқанд давлат университетида COSPAR ва NASA ташкилотлари ҳамкорлигида халқаро семинар ўтказилмоқда
Самарқанд давлат университети Муҳандислик физикаси институтида ЮНEСКО нинг Коинот тадқиқотлари қўмитаси (COSPAR - Committee on Space Research), NASA (АҚШ Миллий аэронавтика ва коинот бошқармаси) ва бошқа нуфузли ташкилотлар ҳамкорлигида “COSPAR Capacity Building Workshop” халқаро илмий семинари ўтказилмоқда.
Нуфузли анжуманнинг асосий мақсади ривожланаётган мамлакатлар олимлари томонидан космик маълумотлардан илмий мақсадда фойдаланишни рағбатлантиришдан иборат.
Халқаро семинарда АҚШ, Франция, Ҳиндистон, Швейцария, Испания каби давлатлардан 10 дан ортиқ олимлар маърузалари билан иштирок этмоқда.
Семинар дастури доирасида маъруза ва амалий машғулотлар дунёнинг етакчи илмий марказлари профессорлари, Нат Гопалсвамй (NASA, GSFC), Сеижи Яширо (NASA, GSFC), Пертти Макела (NASA, GSFC), Нандита Сривастава (Physical Research Laboratory, Ҳиндистон), Катҳираван Чидамбарам (Indian Institute of Astrophysics, Ҳиндистон), Чристиан Монстеин (IRSOL, Швеция), Жавиер Буссонс Гордо (University of Alcala, Испания), Вагеэш Мишра (Indian Institute of Astrophysics, Ҳиндистон) томонидан амалга оширилмоқда.
Икки ҳафта давом этиши белгиланган семинарда магистр, докторант ва тадқиқотчилардан жами 40 нафар номзод тингловчи сифатида саралаб олинган. Шундан, 20 таси Ўзбекистонлик бўлиб, қолган 20 нафари АҚШ, Ҳиндистон, Туркия, Миср, Озарбайжон, Малайзия, Покистон, Шри-Ланка, Жазоир, Қозоғистон, Тожикистон каби 11 давлат вакилларидан иборат.
ЮНEСКОнинг Коинот тадқиқотлари қўмитаси Самарқанд давлат университетида қуёш чақнашларини қайд қилувчи радиоспектрометр қурилмасини ўрнатиш ва уни халқаро радиоспектрометрлар тармоғига улашни қўллаб-қувватламоқда. Бу жуда муҳим қурилма бўлиб, унинг ёрдамида магнит бўронларининг мустақил прогнозини амалга ошириш мумкин.
Айни вақтда магнит бўронларининг частотаси қуёш фаоллигининг кўтарилиш босқичи туфайли сезиларли даражада ортганлиги бу қурилманинг аҳамиятини янада оширади.
Семинар давомида СамДУ Ядро физикаси ва астрономия ўқув-илмий марказида муҳандис олимлар томонидан қуёш радиоспектрометр қурилмаси ва радиоантеннанинг ўрнатилиши ва халқаро тармоқга уланиши режалаштирилган, дея хабар бермоқда Самарқанд давлат университети ахборот хизмати.
Сарлос Габриел, ЮНEСКО нинг Халқаро илмий кенгаши қошидаги Космик тадқиқотлари қўмитаси (COSPAR) раиси, профессор:
- Мазкур халқаро семинар ривожланаётган мамлакатлар олимлари ва тадқиқотчилари учун муҳим. Чунки, COSPAR илм-фан билан шуғулланиш имкониятларини янада оширишга ҳаракат қилади. Самарқанд давлат университети юқори илмий салоҳиятга, бой моддий техник базага эга. Шунинг учун ҳам анжуманни Самарқандда ўтказишга қарор қилдик. Мазкур анжуман Марказий Осиёда илк бор ўтказилмоқда. Анжуман сабаб Ўзбекистон COSPAR нинг 70 та давлати рўйхатига киритилди.
Нат Гопалсвамй, НАСА Годдард космик парвозлар маркази вакили, профессор:
- Халқаро семинарда космик об-ҳаво бўйича, яъни қуёшдан тож массасининг чиқарилиши, коронал масса ташланмалари натижасида юзага келадиган зарба тўлқинлари ҳақида маъруза қилдим. Биз бу коронал масса ташланмаларини ўрганишимиз жуда муҳим, чунки улар заррача нурланишини ва геомагнит бўронларни келтириб чиқариши каби Ернинг космик муҳитида ғалаёнланишларга олиб келади. Ва бу ғалаёнланишлар аслида коинотдаги инсон технологиясига таъсир қилади. Масалан, сунъий йўлдошлар заррача нурланишидан зарар кўриши мумкин. Шундай қилиб, биз бу заррача нурланишининг келиб чиқишини коронал масса ташланмалари ва зарбаларни ўрганиш орқали ўрганамиз… Семинар жуда яхши ташкил қилинган. Бунинг учун Самарқанд давлат университетига миннатдорлик билдираман. Маърузалардан сўнг маълумотларни таҳлил қилиш бўйича амалий машғулотлар ўтказилади. Семинарда иштирок этаётган тингловчилар космик тадқиқотларнинг маълумотларини таҳлил қиладилар. Бунда NASA, ESA (Европа космик агентлиги) ҳамда Ердаги радио телескоп маълумотларидан фойдаланамиз. Ушбу маълумотлар таҳлилини бирлаштириб, Қуёшдан келадиган зарбалар ҳақида кўпроқ маълумотга эга бўламиз.