Самарқанд давлат хизмати келажаги бўйича глобал мулоқот марказига айланди

Самарқандда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг давлат хизмати масалалари бўйича форуми ўз ишини бошлади. Бу нуфузли халқаро тадбир Ўзбекистон Республикасида илк бор ўтказилмоқда. Форум Европа, Осиё, Лотин Америкаси ва Африка давлатлари, шунингдек, Самоа ва Бутан Қироллиги каби давлатларнинг давлат хизмати ривожи учун масъул бўлган вазирлари ва давлат органлари раҳбарларини бирлаштирди.

Форумда халқаро ва минтақавий ташкилотлар, илмий жамоатчилик, фуқаролик жамияти институтлари, хусусий компаниялар ва инновация технологиялари соҳасидаги етакчи мутахассислар фаол иштирок этмоқда.

Форумда «2030 йилгача беш йил: барқарор келажак йўлида давлат хизматларини тақдим этишни жадаллаштириш» мавзуси асосий муҳокама учун белгиланди. Уч кун мобайнида форум иштирокчилари давлат хизматларининг сифати, шаффофлиги ва аҳоли учун очиқлигини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратади.

Мазкур халқаро форумни ташкил этиш ташаббуси Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Иқтисодий ва ижтимоий масалалар департаменти, Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ислоҳотлар агентлиги ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан илгари сурилган.

Форумнинг очилишида Ўзбекистон Республикаси Президентининг анжуман иштирокчиларига йўллаган табригини Президент ёрдамчиси Саида Мирзиёева ўқиб эшиттирди.

Форум ўз ишини давом эттирмоқда.