Футбол: Ўзбекистон U-23 Осиё Кубогида янги таркиб билан иштирок этади
Равшан Ҳайдаров бош мураббийлигидаги Ўзбекистон U-23 терма жамоаси 6–24 январь кунлари Саудия Арабистонида бўлиб ўтадиган 23 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Осиё Кубогида иштирок этади.
Анъанага кўра, мазкур турнир нафақат нуфузли кубок учун кураш, балки Олимпия ўйинларига тайёргарликнинг муҳим босқичи сифатида ҳам қаралади. Шу боис ҳар бир учрашув шиддатли ва муросасиз ўтиши кутилмоқда.
Ушбу мусобақанинг жамоамиз учун ўзига хос жиҳати шундаки, Саудия Арабистонига асосан U-21 ёш тоифасидаги футболчилардан иборат таркиб йўл олган. Бу эса янги олимпия жамоасини шакллантириш, шунингдек, миллий футболнинг яқин захирасини синовдан ўтказиш учун муҳим имконият яратади.
Ўзбекистон терма жамоаси “B” гуруҳида баҳс олиб боради. Илк учрашув эртага, 7 январь куни Ливан терма жамоасига қарши бўлиб ўтади. Кейинги ўйин 10 январь куни Эронга қарши ўтказилади. Гуруҳ босқичидаги сўнгги беллашув эса 13 январь куни Жанубий Корея терма жамоасига қарши бўлади.
Айнан ушбу учрашувлар натижаларига кўра, плей-офф босқичида медаллар учун курашни давом эттирадиган жамоалар аниқланади.
Саудия Арабистонидаги Осиё Кубоги Ўзбекистоннинг ёш футболчилари учун халқаро майдонда ўзини кўрсатиш, қимматли тажриба орттириш ва Олимпия ўйинларига тайёргарлик кўриш йўлида муҳим синов бўлади.