Самарқанд ер юзининг сайқали китоб-альбоми Гран-при соҳиби
Халқаро китоб байрамида ўзбекистонлик ноширлари ўзларининг 180 номдаги икки юздан ортиқ сара китоблари билан иштирок этдилар.
Тадбир доирасида кўргазма-ярмарка ҳайъати томонидан “Китобат санъати” йўналишида турли номинациялар бўйича китоблар танлови ўтказилди. Танловда Ўзбекистон Республикаси Маънавият ва маърифат марказининг “Маънавият” нашриёти томонидан нашр этилган “САМАРҚАНД ер юзининг сайқали” китоб-альбоми кўргазма-ярмарканинг бош мукофоти – “Гран-при” мукофотига сазовор бўлди.
Китоб-альбом Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг 2022 йил сентябрь ойида Самарқандда бўлиб ўтган саммити муносабати билан тўрт минг нусхада нашр қилинган.
Самарқандга бежиз “Ер юзининг сайқали” дея таъриф берилмаган. Негаки, бу замин инсоният цивилизациясида муҳим роль ўйнаган, тарих саҳифаларида номи зарҳал ҳарфлар билан ёзилган ва ўчмас из қолдирган.
Самарқанд – илму ирфон, маданият ва санъат бешиги, буюклик, салобат ва эзгулик виқорининг тимсоли. Шу боисдан тарихи милоддан аввалги VIII асрларга бориб тақалувчи бу юрт мудом дунё ҳамжамиятининг диққат марказида бўлиб келмоқда.
Самарқандга бағишланган мазкур китоб-альбом унинг қадим тарихидан то бугунги кунгача бўлган қиёфасини акс эттиради. Китоб-альбомнинг биринчи боби “Тарих ибтидоси” деб аталади. Унда ушбу мўъжиза шаҳарнинг энг қадимги тарихи, археологик топилмалар ёрқин рангларда жилоланади. Жуда қадим тарихга эга бўлган бу ноёб топилмалар ўзининг ранг-баранглиги билан ҳар қандай тоифа, миллат ёки элатга мансуб бўлган инсонни ҳайратга солади, уни инсониятнинг олис тарихи кўчаларига етаклайди.
Китоб-альбомнинг Самарқанд тарихига бағишланган “Энг қадим тарих”, “Шаҳарнинг пайдо бўлиши ва ривожланиши” бўлимларида шаҳар жуда кўп шонли даврларни бошидан кечиргани, Афросиёб, Ихшид ва бошқа тарихий-археологик объектлар ушбу воҳанинг дунё тамаддуни тараққиётида муносиб ўрин тутганидан далолат бериши ҳақида аниқ кўргазмали воситалар, ранго-ранг расмлар асосида ҳикоя қилади. Бу юрт Европа Римининг тенгдоши, у дунё тамаддунида алоҳида из қолдирган Афина, Вавилон каби қадимий шаҳарлар қаторида туриши баён қилинган.
Самарқанд милоддан аввалги биринчи минг йилликда Шарқ ва Ғарб тамаддунини боғлаб турувчи марказ вазифасини бажарган. Бу маскан Ғарбда Византия, Жанубда Вавилон, Шумер, Ҳинд, Шарқда Хуанхе, Янтсзи, Шимолда Саҳрои Номадлар тамаддунларини бир-бирига туташтириб турган.
Биринчи ва Иккинчи Ренессанс давридаги Самарқанд тараққиёти, унинг маданияти, ижтимоий-иқтисодий салоҳияти, бу даврларнинг дунё тамаддунидаги ўрни китоб-альбом саҳифаларида ёрқин мисоллар ва суратлар асосида акс эттирилган.
Самарқанднинг Ўрта асрлардаги шону шавкати, илм-фан, маданият, иқтисод, деҳқончилик, ҳунармандчилик ва бошқа соҳаларда қўлга киритган ютуқлари ишончли далилларда ёритилган.
Вилоятнинг мустақиллик йилларида эришган ютуқлари алоҳида бўёқларда кўрсатилган. Шаҳардаги мингдан ортиқ тарихий обидаларнинг энг саралари, инсон қўли билан яратилган энг гўзал намуналари ношир ва дизайнерлар саъй-ҳаракати билан замонавий китобат санъатининг юксак поғоналарида тақдим қилишга муносиб даражада ҳаракат қилинган.
Кейинги йилларда Самарқандда амалга оширилган тарихий ўзгаришлар, ободончилик, ижтимоий-иқтисодий ривожланиши, сайёҳлик салоҳияти, шаҳарни яқин ва узоқ ўтмишдаги ҳолати ҳамда бугунги кўркам қиёфаси ёрқин мисолларда ёритилган.
Фотолар билан жуда гўзал қилиб безатилган китоб-альбом юртимизга ташриф буюраётган сайёҳлар учун ҳам тўлиқ маълумот беради. Чунки ундаги маълумотлар ўзбек тилидан ташқари, рус ва инглиз тилларида ҳам берилган.
ЎзА