Мухлислар: “Динамо” чемпионлик учун курашяпти, лекин жамоага “қопқон” қўйилган

Футбол бўйича вилоятимиз шарафини ҳимоя қилаётган бош жамоа — “Динамо” жорий йилги мавсумда Суперлига ва Ўзбекистон кубоги баҳсларида ёрқин ўйин намойиш этмоқда. Жамоа Суперлига доирасида ўтказилган 20 учрашувда 38 очко жамғариб, турнир жадвалида кучли учликдан ўрин олган бўлса, Ўзбекистон кубогида ярим финалга қадар етиб келди. Бироқ сўнгги пайтларда жамоа ўйинларида ҳакамлик қарорлари жамоа мухлислари ва мутахассислар ўртасида жиддий муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.
Мисол учун, Суперлига доирасида 18-турда Самарқандда “Динамо” ва “Пахтакор” жамоалари ўртасидаги учрашувда вилоят жамоаси 1:0 ҳисобида олдинда бораётган эди. Бироқ учрашувнинг 85-дақиқасида рақиб жамоа футболчиси томонидан қайд этилган ўйиндан ташқари ҳолатда киритилган гол ҳакам томонидан ҳисобга олинди. Ўйиннинг сўнгги дақиқаларида эса “Динамо” футболчиси баҳсли ҳолатда майдондан четлатилди. ВАР тизими орқали вазият текширилмади ва учрашув дуранг билан якунланди.
Шу каби ҳолат 20-турда Жиззахда “Сўғдиёна”га қарши кечган баҳсда ҳам кузатилди. 3-дақиқада “Динамо” ҳужумчиси Анваржон Ҳожимирзаев рақиб ҳимоячиси томонидан жарима майдонида йиқитилди. Ҳакам жим, ВАР эса вазиятни кўриб чиқиш учун ҳакамни монитор қаршисига чақирмади. Аммо 90+6-дақиқада “Сўғдиёна” футболчиси ва “Динамо” ҳимоячиси Олександр Кучеренконинг тўқнашувидан сўнг ВАР орқали пенальти белгиланди. 90+12-дақиқада эса мезбонлар пенальтидан гол уриб, ҳисобни тенглаштирди.
“Динамо”га “қопқон” қўйилганми?
Вазият футбол ишқибозлари орасида ҳам катта норозилик уйғотмоқда. Улар жамоанинг сўнгги учрашувларда ҳакам хатолари туфайли муҳим очколардан маҳрум бўлаётганини таъкидлашмоқда.
– Биз стадионга футбол кўриш учун келамиз, ҳакамнинг баҳсли қарорлари учун эмас, – дейди мухлислардан бири. – Ҳакамлар хатоси оддий хато эмас, бу “Динамо”га қарши қўйилган “қопқон”. Аксинча бўлганда, ҳар ўйинда бундай ҳолатлар бўлмасди.
Вадим Абрамов: Ҳакамлар бир хил вазиятларни икки хил талқин қиляпти
Айнан Жиззахдаги ўйиндан кейин “Динамо” жамоаси бош мураббийи Вадим Абрамов ҳам матбуот анжуманида ўйин ва ҳакамлик ҳақида буни очиқ гапирди.
- Бугун жамоалар кўрсатган ўйин мухлисларга ёқди, деб ўйлайман, - деди В.Абрамов. - Афсуски, сўнгги сонияларда дарвозамизга пенальти белгиланди ва ғалабани қўлдан чиқардик. Мен учун кўп нарса тушунарсиз. Ҳакам вазият ёнида эди, ВАР эса уни чақирди. Шундай вазиятлар бизда бўлганида ВАР ҳеч кимни чақирмайди. Бу ВАР билан ҳеч нарса тушунарсиз, менимча бундай ҳолат фақат бизда эмас, ҳамма жойда шунақа бўляпти. Бизга сариқ карточкалар бериб ташлашди, рақибга келганда уларнинг ўйинчиси иккинчи “сариқ”ни олиб майдондан четлатилиши керак бўлганда, ҳакам 100 фоизли карточкани кўрсатмаяпти.
Бир хил вазиятларни икки хил талқин қилишмоқда. Бунга тушуниш қийин. Афтидан, ҳакамлик бўйича мен ҳеч нарсани тушунмас эканман. Шундай экан, тилимни тияман. Йигитларимга охиригача курашишгани учун миннатдорлик билдираман. Тиғиз тақвим пайтида рақиб биздан бир кун кўпроқ дам олди. Бундай вазиятда ўйнаш оғир, майдон, ҳакамлик...
Эксперт хулосаси: ҳакам хато қилган
«Сўғдиёна» - «Динамо» (1:1) учрашувидан кейин “Динамо” ПФК томонидан ҳакамлик бўйича расмий шикоят киритилди. Ушбу мурожаатга жавобан Эксперт-ҳакамлар комиссияси 90+6-дақиқада белгиланган пенальти қарорини нотўғри, деб баҳолади. Комиссия хулосасига кўра, вазиятда ўйин қоидаси бузилмаган, тўп учун кураш бўлган. Шу боис ҳакамлар қўмитасига тегишли жазо чоралари кўриш учун тавсия берилган.
Футболда ғалаба ва мағлубият ўртасидаги фарқ кўп ҳолларда битта гол ёки ҳакамнинг битта қарори билан ҳал бўлиши мумкин. Эксперт комиссияси ҳам баъзи қарорларни нотўғри, деб топган бўлса-да, бу жамоа йўқотган очколарни қайтариб бермайди. Эътибор қаратиш керак бўлган асосий жиҳат ҳакамлик тизимидаги шаффофлик ва барқарорликни таъминлашдир. Акс ҳолда нафақат “Динамо”, балки бутун маҳаллий футболимизга ишонч сўниши мумкин.
“Динамо”нинг ўз қароргоҳи бўлади
Айни пайтда «Динамо» жамоаси Чархин қўрғонидаги «Динамо» футбол мактаби стадионида тайёргарлик машғулотларини олиб бормоқда ва сентябрь ойида жамоани жуда муҳим ўйинлар кутиб турибди. Суперлига доирасида «Андижон»га қарши ўйини 15 ноябрга қолдирилгач, «Динамо»нинг навбатдаги расмий учрашуви 20 сентябрь куни Фарғонада азалий рақиб – чемпионлик учун курашаётган «Нефтчи»га қарши бўлиб ўтади.
Беш кун ўтиб эса «Динамо» Ўзбекистон кубоги ярим финалида Тошкентда «Пахтакор»га қарши саф тортади. 29 сентябрда жамоамиз Суперлига 23-тури доирасида Самарқандда «Шўртан»ни қабул қилади.
Айтиш жоизки, “Динамо” жамоасини қўллаб-қувватлаш мақсадида вилоят ҳокимлиги томонидан муҳим ташаббуслар амалга оширилмоқда. Жумладан, “Динамо” жамоаси учун замонавий қароргоҳ қуриш режалаштирилган.
- Қароргоҳ қурилишига кўп вақт талаб этилади, - дейди “Динамо” жамоаси бош мураббийи Вадим Абрамов. - Бу борада ўзгаришлар бор, вилоят ҳокимидан миннатдормиз, жамоага эътибор қаратмоқда. Умид қиламанки, шу йилнинг ўзидаёқ жамоа ўз қароргоҳига эга бўлади. Яъни, база тайёр, фақат уни тартибга келтириб, реконструкция қилиш керак. Бу масалада амалий ишлар олиб бориляпти.
Фазлиддин РЎЗИБОЕВ.