Самарқанд “Мақом” ансамбли куйлари томошабинлар қалбини забт этди

Самарқанд ихтисослаштирилган санъат мактаби концерт залида вилоят “Мақом” ансамблининг иккинчи ҳисобот концерти ўтказилди.
Концерт дастуридан Самарқанд мақом санъатининг мумтоз наволари, шашмақом, бузургоний куйлари ўрин олди.
- Ансамблимиз республикадаги энг ёш ижрочилардан таркиб топган жамоа десам адашмайман, - дейди ансамбль бадиий раҳбари Абдунаби Тўхтаев. – Тўғри, ўтган йил карантин сабаб концерт бера олмадик. Аммо ансамблимиз изланишдан, янги мақом куйларини ўрганишдан, унутилаётган тароналаримизга қайта жон бағишлашдан бир дам тўхтагани йўқ. Туманларда жонли ижрода концерт дастурларини намойиш этдик. Одамларнинг мумтоз куйларимизни берилиб тинглашини кўриб, бугун ҳам унга эътибор юксаклигидан, эшитадиганлар кўплигидан қувондик. Бугун устозларимиз, хонандалар, санъат ихлосмандлари учун икки йиллик изланишларимиз маҳсулини намойиш этдик.
Ҳисобот концертида Ўзбекистон халқ артисти Матлуба Дадабоева ва Ўзбекистон халқ ҳофизи Сойибжон Ниёзов ўз тароналари билан иштирок этди.