Самарқанд нигоҳида: Қозоғистон–Ўзбекистон ҳамкорлиги янги босқичга кўтарилмоқда
23 август куни Қозоғистонда янги бир палатали Парламент - Қурултой депутатларининг илк сайлови бўлиб ўтади. Ушбу сиёсий воқеа нафақат мамлакатнинг ички тараққиёти, балки бутун минтақамиз учун ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Ўзбекистон учун Қозоғистоннинг энг яқин қўшниси, стратегик ҳамкори ва иттифоқчиси сифатида биродар мамлакатнинг барқарор, изчил ва башорат қилинадиган ривожланиши ниҳоятда муҳим. Дипломатик амалиётда Марказий Осиёнинг исталган мамлакатидаги барқарорлик ва кучли давлат институтлари бутун макроҳудуднинг барқарорлиги ҳамда инвестициявий жозибадорлигининг муҳим кафолати сифатида қаралади.
Республиканинг янги қонунчилик органи олдида турган вазифалар ва Қозоғистон-Ўзбекистон ҳамкорлигини янада ривожлантириш истиқболлари ҳақида Қозоғистон Республикасининг Самарқанд шаҳридаги Бош консули Талғат Шарипов сўзлаб берди.

- Қурултойга бўлажак сайловлар Қозоғистон сиёсий трансформациясининг муҳим босқичи сифатида баҳоланмоқда. Ушбу сайловларнинг аҳамиятини қандай баҳолайсиз?
- Қурултой сайловлари мамлакат институционал тараққиётидаги тарихий босқич ва кенг кўламли конституциявий модернизациянинг бевосита ифодасидир. Олий вакиллик органининг янги, бир палатали тузилмасига ўтиш қонунчилик жараёнларини янада тезкор, шаффоф ва жамият олдида ҳисобдор қилишга, депутатлар корпусининг масъулиятини оширишга ҳамда қонун ижодкорлиги сифатига эътиборни кучайтиришга қаратилган. Шу билан бирга, бу жараён сиёсий партияларнинг ролини ҳам сезиларли даражада мустаҳкамлайди.
Қурултойнинг янги модели Қозоғистоннинг ташқи иқтисодий ва минтақавий сиёсати учун ҳам алоҳида аҳамият касб этади. Ихчам ва ягона қонунчилик органи халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга бевосита таъсир кўрсатадиган амалий масалаларга, жумладан, савдо, инвестициялар, транспорт, сув ресурслари, туризм ва трансчегаравий ҳамкорликка кўпроқ эътибор қаратиш имконига эга бўлади.
Бу, айниқса, Ўзбекистон билан муносабатлар учун долзарбдир. Зеро, икки мамлакат ўртасидаги ўзаро савдо ҳажми ва қўшма лойиҳалар сони изчил ортиб бормоқда. Шунинг учун янги Қурултой нафақат ички модернизация воситаси, балки парламент дипломатиясини ривожлантириш ва Қозоғистон-Ўзбекистон шериклигини янада мустаҳкамлаш учун зарур қонунчилик шароитларини яратишда муҳим майдонга айланиши мумкин.
- Қозоғистон-Ўзбекистон муносабатларининг бугунги ҳолатини қандай тавсифлаган бўлардингиз?
- Қозоғистон ва Ўзбекистон - иқтисодиётлари ўзаро чамбарчас боғланган Марказий Осиёнинг энг йирик давлатларидир. Давлатларимиз раҳбарлари -Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тоқаев ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари туфайли мамлакатларимиз ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик жадал ривожланмоқда. Бугунги кунда бу муносабатлар яхши қўшничилик ва ҳақиқий стратегик иттифоқчиликнинг намунасига айланган.
Муносабатларимиз юқори даражадаги сиёсий ишонч ва амалий ўзаро манфаатдорлик билан ажралиб туради. Остона ва Тошкент бир-бири учун муҳим иқтисодий ҳамкорлар сифатида намоён бўлмоқда.
Ўзаро савдо динамикаси икки томонлама муносабатларнинг улкан салоҳиятини тасдиқлайди. 2025 йилда мамлакатларимиз ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 16,2 фоизга ошиб, 4,8 миллиард АҚШ долларига етди. Жорий йилнинг дастлабки беш ойида эса ўзаро савдо ҳажми 2,3 миллиард АҚШ долларини ташкил этиб, ўтган йилнинг шу давридаги кўрсаткичдан 37,2 фоизга ошди. Бунда Қозоғистоннинг минтақа мамлакатлари билан умумий савдосининг 55 фоиздан ортиғи Ўзбекистон ҳиссасига тўғри келди.
Шу билан бирга, муносабатларимиз анъанавий савдо доирасидан анча кенгайганини алоҳида таъкидлаш муҳим. Бугун кун тартибида биринчи ўринга кенг кўламли ишлаб чиқариш кооперацияси, ўзаро инвестициялар, транспорт-логистика ҳамкорлиги, энергетика, қишлоқ хўжалиги, сув ресурсларини биргаликда бошқариш, шунингдек, туризм ва маданий-гуманитар ҳамкорлик чиқмоқда.
- Икки мамлакат ўртасидаги инвестициявий ҳамкорлик истиқболлари ҳақида батафсилроқ сўзлаб берсангиз. Бугун қайси иқтисодий тармоқлар бу нуқтаи назардан энг истиқболли ҳисобланади? Янги Қурултой бу жараёнларни ривожлантиришда қандай роль ўйнаши мумкин?
- Қозоғистон ва Ўзбекистоннинг инвестициявий ҳамкорлиги бугун сифат жиҳатидан янги босқични бошдан кечирмоқда. Биз оддий савдодан ишлаб чиқариш занжирларининг чуқур интеграциясига ўтдик.
Айни пайтда мамлакатларимиз ҳукуматлари умумий қиймати 7,8 миллиард АҚШ долларига тенг бўлган инвестициялар ва савдо соҳасидаги кенг кўламли “Йўл харитаси”ни амалга оширмоқда. У ўзаро савдони диверсификация қилиш, маҳсулотларни ўзаро етказиб бериш ҳажмини кенгайтириш, янги инвестиция лойиҳаларини ишга тушириш ва иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган.
Ҳозирги кунда давлатларимиз умумий қиймати 1,8 миллиард АҚШ долларидан ортиқ бўлган 80 та лойиҳани биргаликда амалга оширмоқда. Жумладан, 227 миллион АҚШ долларилик 15 та лойиҳа аллақачон муваффақиятли ишга туширилди ва улар туфайли қарийб 5 мингта иш ўрни яратилди. Қиймати 102 миллион АҚШ доллари бўлган 6 та лойиҳа фаол амалга ошириш босқичида. 1,5 миллиард АҚШ доллари миқдоридаги 59 та истиқболли ташаббус эса ҳозирда батафсил ишлаб чиқиш босқичида.
Қўшма инвестициялар учун энг истиқболли тармоқлар ҳақида гапирадиган бўлсак, бир нечта асосий йўналишларни ажратиб кўрсатиш мумкин. Булар - машинасозлик ва автомобиль саноати, кимё ва нефть-кимё саноати, қурилиш индустрияси, агросаноат мажмуаси, транспорт ва логистика, рақамли иқтисодиёт ва сунъий интеллект, тўқимачилик кластери ҳамда бошқа тармоқлар.
Бу жараённинг асосий драйверларидан бири икки давлат чегарасида «Марказий Осиё» Халқаро саноат кооперацияси марказининг ташкил этилишидир. Ушбу майдон бизнес учун солиқ, божхона ва логистика соҳаларидаги ноёб имтиёзларни таклиф этган ҳолда трансчегаравий инвестициялар учун кучли катализатор бўлади.
Қозоғистон ва Ўзбекистон учун саноат кооперациясини жадаллаштиришга зарур шарт-шароитларни яратиш ниҳоятда муҳим. Янги Қурултойнинг қонунчилик фаолияти айнан шу ерда бевосита амалий аҳамият касб этади. Бу инвестиция қонунчилигини такомиллаштириш, инвесторлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва янги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш учун мустаҳкам ҳуқуқий асос яратиш имконини беради.
- Самарқанд ҳақли равишда Марказий Осиёнинг энг йирик туристик хаби ҳисобланади. Туризм соҳаси Қозоғистон-Ўзбекистон муносабатларида қандай ўрин тутади ва уни ривожлантириш икки мамлакатнинг чегараолди ва қўшни ҳудудларига қандай иқтисодий самара бериши мумкин?

- Туризм соҳаси икки томонлама кун тартибимизда алоҳида ўрин эгаллайди ва чегараолди ҳамда қўшни ҳудудлар иқтисодий ўсишининг муҳим драйверларидан бири бўлиб хизмат қилади. Қозоғистон ва Ўзбекистон ноёб тарихий-маданий меросга эга бўлиб, Марказий Осиёнинг ягона туристик маконини шакллантириш учун барча имкониятларга эга. Самарқанд, Бухоро, Хива, Туркистон, Олмаота ва Остона каби шаҳарлар ўзаро бир-бирини тўлдирувчи туристик йўналишларни яратиш учун улкан салоҳиятга эга.
Шу боис бугун Остона ва Тошкент трансчегаравий қўшма турларни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратмоқда. Бизнинг мақсадимиз - халқаро сайёҳларга Қозоғистоннинг муқаддас қадамжолари ва Ўзбекистоннинг эътироф этилган дурдоналарини бирлаштирувчи ягона туристик маҳсулотни таклиф этиш. Бунда Самарқанд асосий туристик хаб вазифасини бажаради.
Самарқанд вилояти ва чегараолди ҳудудлар иқтисодиёти учун бу минглаб янги иш ўринларининг яратилиши, хорижий валюта оқимининг кўпайиши, кичик ва ўрта бизнес, шунингдек, ресторан ва меҳмонхона соҳаларининг жадал ривожланишини англатади.
Рақамларга мурожаат қиладиган бўлсак, мамлакатларимиз 2026 йилнинг биринчи ярмида ўзаро туристик алмашинув бўйича аллақачон таъсирчан кўрсаткичларни намойиш этди. Дастлабки маълумотларга кўра, Қозоғистонга қарийб 7 миллион нафар хорижий сайёҳ ташриф буюрган бўлиб, уларнинг 2,5 миллиондан ортиғи Ўзбекистондан келган. Ўз навбатида, Ўзбекистон шу даврда 6,5 миллиондан ортиқ хорижий сайёҳни қабул қилди, улар орасида 1,55 миллион нафар Қозоғистон фуқароси бор.
Албатта, туристик алоқаларни янада мустаҳкамлаш сифатли логистика ва мослашувчан қонунчиликни талаб қилади. Янги Қозоғистон Қурултойи туристлар учун чегарадан ўтишни янада қулайлаштирадиган, икки мамлакат туроператорлари ҳамкорлигини эса имкон қадар ҳимояланган ва самарали қиладиган ҳуқуқий механизмларни такомиллаштиришда фаол иштирок этиши кутилмоқда.
- Қозоғистон ва Ўзбекистон ҳамкорлиги айнан Самарқанд учун қандай аҳамиятга эга?
- Самарқанд Марказий Осиёнинг тарихий ва маданий маконида алоҳида ўрин тутади. Халқларимиз ўртасида чуқур гуманитар ришталар мавжуд бўлиб, уларни фақат иқтисодий кўрсаткичлар билан ўлчаб бўлмайди. Бугун Қозоғистон Самарқанд учун бир қатор муҳим соҳаларда стратегик ҳамкор ҳисобланади.
Самарқанд учун Қозоғистон туризм, таълим, илм-фан, маданият ва ишбилармонлик алоқаларини ривожлантиришда муҳим ҳамкордир. Бунда ҳудудлараро ҳамкорлик ҳам муҳим ўрин тутади.
Ўзаро савдонинг изчил ўсиши Самарқанд вилояти корхоналари учун янги бозорларни очмоқда ва Қозоғистон ҳудудлари билан тўғридан-тўғри алоқаларни фаоллаштирмоқда. Шу нуқтаи назардан, Самарқанд вилоятининг Қозоғистон билан товар айирбошлаш ҳажми 2026 йилнинг биринчи ярмида 141 миллион АҚШ долларидан ошиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 83 фоизга ўсганини алоҳида мамнуният билан таъкидламоқчиман.
Инвестициявий ҳамкорлик доирасида қўшма лойиҳаларнинг амалга оширилиши замонавий ишлаб чиқариш корхоналарини ишга тушириш, ҳудудларнинг экспорт салоҳиятини кенгайтириш ва бевосита Самарқанд вилоятида қўшимча иш ўринларини яратиш имконини бермоқда.
Аввал таъкидлаганимдек, қозоғистонлик сайёҳлар Самарқандга келаётган халқаро туристлар оқимининг салмоқли қисмини ташкил этади. Қўшма туристик йўналишлар ва маданий дастурларни ривожлантириш ўзаро сафарлар кўрсаткичларини бир неча баробар ошириши мумкин.
Биз олий таълим муассасалари ўртасидаги алоқаларни кенгайтириш, қўшма илмий конференциялар ўтказиш ва академик алмашинув дастурларини йўлга қўйишда улкан истиқболларни кўрмоқдамиз.
Айнан ҳудудлараро даражада одамлар катта сиёсатнинг амалий натижаларини бевосита ҳис қилади. Янги корхоналар очилганда, иш ўринлари яратилганда, сайёҳлар оқими ортганда ва инсонлар ўртасидаги алоқалар мустаҳкамланганда - бу иттифоқчилигимизнинг жонли ифодаси бўлади. Самарқанддаги Бош консулхона ушбу ташаббусларнинг барчасини максимал даражада қўллаб-қувватлашга тайёр.

- Суҳбатимиз якунида яна бир савол. Янги Парламент - Қурултой шакллангандан кейин Қозоғистон-Ўзбекистон ҳамкорлигининг стратегик истиқболларини қандай тасаввур қиласиз?
- Янги чақириқ Қурултойининг шаклланиши Остона ва Тошкентнинг икки томонлама муносабатларни принципиал жиҳатдан янги траекторияга олиб чиқишга қаратилган стратегик курсини қонунчилик нуқтаи назаридан қўллаб-қувватлаш ва ривожлантиришга хизмат қилади. Ҳамкорлигимиз ва иттифоқчилигимиз ҳар икки республика олий раҳбарияти томонидан яратилган мустаҳкам пойдеворга эга. Қозоғистоннинг янгиланган ва янада динамик қонунчилик органи эса ушбу келишувларни амалий мазмун билан бойитиш учун ишончли восита бўлади.
Биз келажакка катта оптимизм билан қараймиз. Қозоғистондаги сиёсий модернизация ва икки мамлакатнинг барқарор иқтисодий сиёсати иттифоқчилигимиз янада мустаҳкамланишини кафолатлайди. Дипломатик корпус ва Парламентнинг янги чақириқдаги асосий вазифаси - ушбу шериклик самараларини Қозоғистон ва Ўзбекистондаги ҳар бир фуқаронинг ҳаёт сифати яхшиланишига йўналтиришдан иборат.
Фурсатдан фойдаланиб, шу кунларда Ўзбекистонда бўлиб турган Қозоғистон Республикасининг барча фуқароларига мурожаат қилмоқчиман. Бўлажак сайловлар - Ватанимиз тарихидаги энг муҳим босқичлардан биридир. Сизларни юксак фуқаролик масъулиятини намоён этишга ва 2026 йил 23 август куни соат 07:00 дан 20:00 гача овоз беришда иштирок этиб, конституциявий бурчингизни адо этишга чақираман.
Юртдошларимизга қулайлик яратиш мақсадида Тошкент шаҳрида, Қозоғистон Республикаси элчихонаси биносида сайлов участкаси очилган. Манзил - Абай кўчаси, 1-А уй.
***
Бош консул билан суҳбат якунлари яққол тасдиқлайдики, Остона ва Тошкент иттифоқчилиги қоғоздаги оддий декларация эмас, балки жонли ва динамик жараёндир. Қурултойга бўлажак сайловлар ушбу ҳуқуқий ва сиёсий платформани мустаҳкамлашга, бизнес, туризм ва гуманитар мулоқот учун янги уфқларни очишга хизмат қилади.
Бу эса Самарқанд ва Қозоғистон ҳудудларининг янада яқинлашишини англатади. Шу тариқа кучли давлат институтлари ва мустаҳкам яхши қўшничилик алоқалари бутун Марказий Осиёнинг фаровонлиги учун асосий кафолат эканини яна бир бор намоён этади.