Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқанд сайёҳлар билан гавжум

Айни кунларда Самарқанд шаҳрининг Регистон, Шоҳи Зинда, Ҳазрати Хизр, Имом Бухорий ва Имом Мотуридий мажмуалари, Амир Темур мақбараси, "Буюк ипак йўли" халқаро туризм маркази, “Боқий шаҳар” ва ўнлаб объектлар маҳаллий ва хорижлик сайёҳлар билан гавжум.

Ўзбекистон деганда кўз олдимда биринчи навбатда Самарқанд гавдаланади, - дейди франциялик сайёҳ Шантал Фабрегул. – Оилам билан юртингизга келганимизга 10 кундан ошди. Бу вақт оралиғида Самарқанд, Хива ва Бухоро шаҳарларининг диққатга сазовор масканларида бўлдик. Самарқанд мен ёқтирган энг гўзал шаҳарлардан бири. Чунки кўҳна кентда буюк алломалар қолдирган мерос, тарихий обида ва муқаддас қадамжолар қадимийлиги ва мафтункорлиги билан ўзига жалб қилиб туради.

Байрамлар муносабати билан белгиланган дам олиш кунларида республика бўйича ички туризм учун бир қатор чегирмалар ҳам жорий этилган. Шу боис шаҳарда маҳаллий сайёҳлар ҳам кўпчиликни ташкил қилади.

- Дам олиш кунлари оиламиз билан Самарқанд шаҳрига келдик, - дейди жиззахлик Адолат Мустафоева. – Чегирма билан меҳмонханага жойлашиб, кўҳна шаҳардаги Регистон майдони, Амир Темур мақбараси, Улуғбек расадхонаси, Хўжа Дониёр ва Шоҳи Зинда мажмуаларини зиёрат қилдик. Саёҳатимиз таассуротларга бой бўлди.

- Самарқандга охирги марта беш йил олдин келгандим, - дейди бухоролик Салим бобо Нормуродов. – Болаларим ва набираларим билан келиб, тарихий шаҳар янада кўркамлашганига гувоҳ бўлдик. Айниқса, яқинда барпо этилган туризм маскани шаҳарда маҳаллий ва хорижлик сайёҳлар оқимининг кўпайиб бораётганини кўрсатмоқда. Ушбу туристик марказ ва шаҳарнинг диққатга сазовор жойларда вақтимиз мазмунли  ўтди.

Фазлиддин Рўзибоев.