Самарқанд шаҳридаги 4-оилавий поликлиниканинг янги биноси фойдаланишга топширилди
Муассаса фаолияти билан яқиндан танишиб, бу ерда аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш учун амалга оширилиши зарур бўлган кўрсатмаларни берди.
Таъкидлаш лозимки, жорий йилнинг ўзида вилоятда “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастури асосида 17 та замон талабларига мос даволаш-профилактика муассасалари фойдаланишга топширилди. Ушбу муассасаларнинг қурилиши, зарур тиббий ускуналар билан таъминланиши ва жиҳозланиши учун давлат бюджетидан 12 млрд. сўм маблағ сарфланди. Айни жараёнда Инвестиция дастури асосида Самарқанд шаҳрида 5 та даволаш-профилактика муассасалари қурилди ва бунёдкорлик ишлари олиб борилди. 4-оилавий поликлиника шулардан биридир.
- Муассасамиз 1954 йилда катталар поликлиникаси сифатида иш бошлаган, - дейди муассаса бош врачи Тўлқин Сувонов. — Муассасанинг эски биносида зарурий тиббий хизмат учун етарли шароит йўқ эди. Унинг қуввати ҳам атиги 110 та қатновга мўлжалланган эди. Ваҳоланки, муассасамиз Самарфанд шаҳридаги 25 маҳаллада яшовчи 45 минг аҳолига бирламчи санитар-тиббий хизмат кўрсатади. Шунча аҳолига зарур тиббий хизмат учун бу жуда ҳам камлик қиларди. Янги бинода барча имкониятлар яратилди. Қуввати қарийб икки бараварга ошиб, кунига 200 қатнов амалга ошириш имконияти яратилди. Айни пайтда 3 та умумий амалиёт шифокорлари (УАШ), “Аёллар маслаҳатхонаси”, тор соҳа мутахассислари, функционал диагностика бўлимлари ҳамда лаборатория мавжуд.
“Маъруф сервис қурилиш” масъулияти чекланган жамияти қурувчилари томонидан амалга оширилган қурилиш ишларига давлат бюджетидан 3 миллиард 610 миллион сўм маблағ сарфланди. Муассасанинг тиббий ускуналар билан таъминлаш ва жиҳозлаш учун 500 миллион сўм маблағ ажратилди. Натижада муассаса ЭКГ, ЭХО, УЗИ, биокимёвий анализатор, центрифуга, офтальмоскоп, отоскоп, 2 та янги стоматологик жамланма каби зарур тиббий воситалар билан таъминланди.
Алишер ИСРОИЛОВ.