Самарқанд тумани ҳокими нега интервью бермади?

Амалдаги қонунчиликка асосан интервью бериш ҳақидаги сўров 7 кун муддатда кўриб чиқилади. Аммо ўн кундирки, Самарқанд тумани ҳокимлигига туман ҳокими билан суҳбат ўтказиш учун юборган саволларимизга жавоб йўқ.

Саволларки, замона зайлига, воқеликларга ҳамоҳанг эди. Хусусан, халқ депутатлари туман Кенгаши фаолияти, уни янада жонлантириш борасидаги фикрлар сўралганди.

Қолаверса, жамоатчилик асосида туман Кенгаши раиси ўринбосари лавозими тўғрисидаги туман Кенгаши раиси сифатидаги фикри билан қизиққанмиз.

Аслида бу савол-жавобдан мақсад вилоят Кенгаши намунали бўлаётганига ишора эди. Зотан, Кенгашнинг сўнгги сессияси онлайн тарзда ўтказилди. Унда ижро ҳокимиятида мутлақо мустақил бўлиш имконияти шаклланди. Негаки, энди Кенгашнинг котибияти ташкил этилиб, амалда ижро ҳокимиятининг ташкилий-назорат гуруҳи бажарган кўплаб вазифалар айнан котибиятга юклатилди.

Агар ҳоким берилган саволлар билан танишиб чиққанида айнан шу усул келгусида ҳокимиятлар бўлиниш принципи рўёбга чиқишида яхши қадам эканлигини қайд этган бўларди. Афсуски, бундай бўлмади.

Ахборот хизмати билан боғланиб билганимиз шуки, биз берган саволларга жавоблар тайёрланаяпти. Навбатдаги савол, аввалгиларга қўшимча эмас, жавоблар қачон тайёр бўлади?

Бундан ташқари, туман ҳокимидан ҳудудда амалга оширилган мақташга арзигулик ишлар тўғрисида сўрагандик. Чунки, Сиз раҳбарлигингизда туманда амалга оширилган учта ижобий ўзгаришларни санаб беринг, деганда айнан шуни назарда тутгандик.

Балки туман ҳокими Кенгаш фаолияти ҳақида фикр билдиришни истамагандир, аммо ижро органи раҳбари – ҳоким сифатида тумандаги ижобий ўзгаришлар ҳақида жамоатчиликка ахборот беришни хоҳламагани қизиқ.

Ё.МАРҚАЕВ.