Самарқанд туманида импорт камайиши ва экспорт ортиши учун нима ишлар қилинди?

Туманда жорий йилда қиймати 470,3 миллиард сўм бўлган 86 та инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш режалаштирилган. Бунинг натижасида 974 та янги иш ўрни яратилиши кўзда тутилган.
Жорий йилнинг ўтган саккиз ойида 161,6 миллиард сўм маблағ ўзлаштирилиб, 50 та лойиҳа ишга туширилди ва 587 та янги иш ўринлари яратилди. Хусусан, қишлоқ ҳўжалиги йўналишида 66,7 миллиард сўм маблағ ҳисобига 25 та лойиҳа амалга оширилди, 182 кишининг бандлиги таъминланди. Саноат йўналишидаги 16 та лойиҳа доирасида 86,6 миллиард сўм маблағ ўзлаштирилиб, 306 та янги иш ўрни яратилди. Хизмат кўрсатиш йўналишида 46 киши иш билан таъминланиб, 9 та лойиҳа учун 8,3 миллиард сўм инвестиция киритилди.
Инвестиция дастурларининг амалга оширилиши натижасида туманда илгари бўлмаган саноат маҳсулотлари тайёрлаш ва хизматлар кўрсатиш йўлга қўйилди. Жумладан, “Сам Рафоат Текстил” масъулияти чекланган жамияти 43,7 миллиард сўмлик лойиҳани амалга оширди. Корхонада жорий йилнинг май ойидан буён 96 киши момиқ сочиқлар ишлаб чиқариш билан шуғулланмоқда. Корхона йилига 200 минг метр куб миқдордаги маҳсулотларини ички бозордан ташқари, Россия Федерацияси, Тожикистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Польша Республикаларига экспорт қилишни режалаштирмоқда.
“Дастбакор Барака” масъулияти чекланган жамиятида рефрежераторли пластмасса қувурлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Бу ерда қиймати 3,1 миллиард сўмлик лойиҳа доирасида 17 та янги иш ўринлари яратилиб, йилига 50,0 минг погонометр пластик қувурлар тайёрланмоқда. Аҳамиятлиси, ушбу корхона маҳсулотларининг ҳам бир қисми экспортга чиқарилиши режалаштирилган. Бунинг учун Тожикистон ва қозоғистонлик ҳамкорлар билан келишувларга эришилган.
Шу пайтга қадар туманнинг паррандачилик йўналишида фаолият кўрсатаётган тадбиркорлари озуқани Қозоғистон Республикасидан икки баробар қиммат нархларга олиб келган. Эндиликда бундай озуқа “Гафуров-С боғлари” фермер хўжалигида тайёрланмоқда. Жами 3,2 миллиард сўм маблағ сарфланган ушбу лойиҳа доирасида 15 та янги иш ўринлари яратилган корхонада бугун йилига 5200 тонна парранда озуқаси тайёрланмоқда.
Айни пайтда маҳсулотга Россия Федерацияси ва Тожикистон Республикасидан ҳам буюртмалар қабул қилинмоқда.
Самарқанд тумани ҳокимлиги ахборот хизмати.