Самарқанд вилоят бош имом-хатибининг Ўзбекистон ёшларига табриги
Азиз ёшлар, бизнинг келажагимиз! Сиз, барчангиз динимиз томонидан мақталган авлодсиз. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам кўп чиқишларида “Эй ёшлар жамоаси”, деб сиз каби ёшларга мурожаат қилганлар ва жуда катта ишонч билдирганлар. Мана, юртимиз ҳаётида сизлар учун ҳам алоҳида байрам куни белгиланган. Бу - шу Юрт раҳбари томонидан сизларга нисбатан катта ишонч ва эътибордир. Барчангизни ҳаётимиздаги қутлуғ байрам – Ёшлар куни билан самимий табриклаб, ўзимнинг чуқур меҳрим ва эзгу тилакларимни билдиришдан ғоят мамнунман.
Шуни алоҳида таъкидлаб ўтишим керакки, жонажон Ватанимизнинг равнақи йўлида, унинг гуллаб яшнашида, бугунги кунда мамлакатимизда янги Ўзбекистонни барпо этишга қаратилган ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ислоҳотларни амалга оширишда азму шижоатли ёшларимизнинг ўрни ва таъсири тобора ортиб бораётгани ҳаммамизни қувонтиради.
Айниқса, юртимиз аҳолиси кўп миллатли фуқаролардан ташкил топиши билан бирга, уларнинг ҳамжиҳатлиги, тинч-тотув ҳаёт кечиришлиги сиз азиз ёшларнинг ўрталарингиздаги иноқлик билан Ватан муҳаббати шиори остида барча соҳа ва тармоқларда, Ватан ҳимоясидек шарафли вазифани адо этишда садоқат ва фидойилик билан хизмат қилмоқдасиз. Сиёсий савияси етук, мустаҳкам фуқаролик позициясига эга юзлаб йигит-қизлар парламентимиз ва халқ депутатлари маҳаллий кенгашларининг аъзоси сифатида давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда маҳаллий ҳокимият идораларида раҳбарлик лавозимларида фаолият кўрсатмоқда.
Ҳаёт синовли кунлардан иборат. Бу йилимиз синовли кунлар билан бошланди. Алҳамдулиллаҳ, халқимизнинг метин иродаси, бир-бирига бўлган меҳр-оқибатлари бу синовли кунларни енгиб ўтишимизда қўл келмоқда. Коронавирус пандемияси ҳамда Бухоро ва Сирдарё вилоятларида рўй берган офатлар бутун эл-юртимиз қатори ёшларимиз иродасини ҳам синовдан ўтказди. Ана шундай оғир вазиятларда минг-минглаб ўғил-қизларимиз чинакам мардлик ва жасорат кўрсатиб, барча тенгдошларига ўрнак бўлдилар.
Ўз навбатида, сизларнинг бундай эзгу ишларингиз юртимизнинг қайси гўшасида бўлмасин, амалга оширилгани сизларнинг ватанпарварлик ва олижаноблик фазилатларингиздан далолат беради.
Фурсатдан фойдаланиб, барча Ўзбекистон ёшларига чин қалбимдан миннатдорчилик билдираман ва яна бир бор “Ёшлар куни” билан самимий муборакбод этаман.
Шуни билингки, сизлар каби фидойи ва жасур фарзандлари билан Ватанимиз, эл-юртимиз ҳамиша фахрланади!
Самарқанд вилоят бош имом-хатиби З.ЭШОНҚУЛОВ.