Президент ёшларга ишонч билдирди
Йилдан-йилга Ўзбекистон ёшлари учун яратилаётган имкониятлар кўлами кенгайиб боряпти. Бунга кеча Тошкент шаҳридаги “Ботаника боғи”да ўтказилган ёшлар форумида ҳам амин бўлдик.
Ёшлар куни муносабати билан ўтказилиши анъанага айланган тадбирда Президентимиз иштирок этди. Биз, ёшларни байрам билан қутлаб, бизга кўплаб қулайликлар яратилишини таъкидлади.
Вилоятимизнинг чекка ҳудуди – Қўшработда туғилиб, ўсганман. Қишлоғимизда билимга чанқоқ, ўқишга интилувчан ёшлар кўп. Аммо шу пайтгача уларнинг аксарияти олий ўқув юртига шартнома асосида ўқишга кириб, тўловини амалга оширишга қийналарди. Контракт-шартнома пулини тополмагани учун ўқишни рад этган қизлар кўп эди. Очиғи, улар бир уринишда грант асосида ўқишга киролмадими, турмушга чиқишга мажбур эди.
Кеча ёшлар форумида Президентимиз ана шундай ёшлар, айниқса, қизлар учун катта имкониятлар яаритилишини таъкидлади. Жумладан, эрта турмушнинг олдини олиш, ҳар бир ёш қайсидир касб-ҳунарга эга бўлиши учун зарур чоралар кўрилиши, имтиёзли шартларда ажратиладиган таълим кредити, аҳамиятлиси, “Темир дафтар”га киритилган оилаларнинг фарзандларига олийгоҳдаги ўқишининг биринчи йили учун контракт пулини бюджетдан тўлаб бериш тартиби жорий этилишини эшитиб хурсанд бўлдик.
Давлатимиз раҳбари табрикда “Билимли ёшлар – келажак пойдевори. Бугунги ҳаракатларингиз билан ўз келажагингизга асос соляпсизлар. Мен сизлар билан ғурурланаман”, дея бизга юксак ишонч билдирдилар. Бу ишончга муносиб бўлиш учун бор имкониятимиз, билим ва кучимизни сарфлаймиз.
Сарвиноз Турсунова,
“Келажак лидерлари” клуби аъзоси.