Самарқанд вилоят ногиронларни реаблитация қилиш марказида янги бўлим ташкил этилди

Бугунги кунгача бўлимда 200 нафарга яқин нуронийлар саломатлигини тиклади. Улар учун 10 та хона ажратилган бўлиб беморларнинг муолажа олишлари учун барча шарт-шароитлар яратилган. Алоҳида ошхона ва ҳаммом ҳам ишлаб турибди. Навбатчи ва даволовчи врачлар ҳар бир бемор билан алоҳида режа асосида даволаш муолажаларини олиб боради. Даволаш ишлари палатанинг ўзида амалга оширилади. Физиотерапия муолажалари ва массаж ногиронлиги бўлган кишилар учун фойда бераётганлигини бу ерда даволанаётган  ҳар бир бемордан эшитасиз.

  -  Ўзим асли самарқандлик бўлсамда тақдир тақозоси билан ўн йилдирки, хорижда оилам билан яшаяпман - дейди шу бўлимда даволанаётган Бахтиёр Файзиев. – Ҳар йили бир-икки ойга она шаҳримга келиб-кетаман. Шифокорларнинг самимийлиги, ширинсуханлиги менга жудаям маъқул келди. Беморларга яратилган шарт-шароитлар хориждагидан қолишмаслигини кўриб хурсанд бўлдим.

- Бизда асосан 60 ёшдан ошган нуронийлар даволанишади, - дейди бўлим мудири  Нилуфар Жабборова. - Ёш улғаявергач, тананинг турли хасталикларга чалиниш хавфи ошиб боради. Айниқса, умумий атеросклероз, қон босими, юрак-қон томир, қандли диабет каби касалликлар инсон умрининг иккинчи ярмида пайдо бўлади. Кексалик  ёшга нисбатан ўзгариб борувчи жараён бўлиб, алоҳида парваришни талаб қилади.

Дилмурод ТЎХТАЕВ.