"Самарқанд" халқаро аэропортида 23 миллион сўмлик заргарлик буюмлари ушланди
Самарқандлик божхоначилар бу гал ҳам “Истамбул-Самарқанд” йўналишида заргарлик буюмларини ушлаб қолишди, деб хабар бермоқда вилоят божхона бошқармаси ахборот хизмати.
"Самарқанд" халқаро аэропортига Туркия давлатидан учиб келган Ўзбекистон Республикаси фуқароси Д.Д. яшил йўлак орқали божхона назоратидан ўтаётганида унга тегишли багаж сумкаси божхоначилар эътиборини тортди. Натижада божхона ходимлари холислар иштирокида фуқарога тегишли сумкани кўздан кечиришди.
Сумка ичидан Ўзбекистон Республикасига божхона тўловларисиз олиб кириш меъёридан ортиқча 20 қути жами 2400 жуфт қизлар зираги ва бир нечта қулоқ тешадиган махсус воситалар борлиги аниқланди.
Ушбу ҳолат юзасидан божхоначилар томонидан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома расмийлаштирилди ҳамда судга юборилди.
Ўтказилган суд мажлисида фуқаро Д.Д. Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддалари билан ҳуқуқбузар деб топилди. Унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 33-моддаси қўлланилиб, энг кам ойлик иш ҳақининг икки баравари миқдорида жарима жазоси тайинланди.
Шунингдек, ҳуқуқбузарлик ашёси сифатида олинган жами баҳоси 23 миллион сўмга яқин бўлган заргарлик буюмлар ва қулоқ тешадиган махсус воситалар тегишли тартибда давлат фойдасига мусодара қилинди.