Самарқандда 1 миллион долларга радиоактив ва заҳарли қурилмаларни сотмоқчи бўлган жиноий гуруҳ ушланди
ДХХ Самарқанд вилояти бошқармаси ҳамда вилоят ИИБ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда вилоят ҳудудида радиоактив ва заҳарли қурилмаларни сотиш билан шуғулланиб келаётган шахслар қўлга олинди.
Андижон вилоятида туғилган, муқаддам Жиноят кодексининг бир неча моддалари билан судланган фуқаро М.С., шериги Р.С., Самарқанд шаҳрида яшовчи фуқаро Ж.О. ўзаро тил бириктирган ҳолда жиноий гуруҳ тузиб, мўмай даромад топишни режалаштирган.
Маълум бўлишича, фуқаро Р.С. жиноий шериги М.С.нинг таклифига кўра, Андижон вилоятидаги танишидан, гўёки ҳарбий мақсадда фойдаланиладиган радиоактив ва заҳарли қурилмаларни Самарқанд шаҳрига олиб келиб, ишончли харидор топилгунига қадар Самарқанд шаҳридаги меҳмонхоналардан бирида яшаб келган.
Кейинчалик, М.С. Самарқанд шаҳридаги таниши Ж.О. орқали мазкур мосламаларни умумий ҳисобда 1 миллион АҚШ доллари эвазига маҳаллий фуқарога сотишга келишиб, олдиндан 200 000 АҚШ доллари талаб қилган.
Натижада, мазкур шахслар ичида 1 кг. “симоб” кимёвий моддаси мавжуд бўлган қўлбола усулдаги қурилмани 200 000 АҚШ доллари эвазига маҳаллий фуқарога сотаётган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.
Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан ЖКнинг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиши режалаштирилиб, терговга қадар суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.