Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

ДХХ: Самарқандда ОИТСга қарши курашиш маркази шифокор-лаборанти ва СамДЧТИ талабалари ушланди

ДХХ вилоят бошқармаси ҳамда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаменти ходимлари ҳамкорликда ўтказган тадбир давомида вилоят ОИТСга қарши курашиш маркази шифокор лаборанти, 1994 йилда туғилган С.М. мансабдор танишлари орқали маҳаллий фуқарога махсус “сертификат” олиб беришни ваъда қилиб, 2 000 АҚШ долларини олаётган вақтида қўлга олинди.

Шунингдек, фуқаролардан тамагирлик орқали пул ундириш билан боғлиқ ҳолатлардан яна бири Самарқанд шаҳрида содир этилди. 

Самарқанд давлат чет тиллар институти талабалари Б.Х. ва Х.М. факультет деканининг ёрдами билан 4 нафар курсдошларини инглиз, француз тиллари фанларидан бўладиган якуний давлат аттестация имтиҳонларидан ўтказиб беришни ваъда қилиб, эвазига уларнинг ҳар биридан 500 АҚШ долларидан, жами 2 000 АҚШ доллари миқдоридаги пулларни талаб қилган ва олдиндан 500 АҚШ доллари олган.

ДХХ Самарқанд вилояти бошқармаси ҳамда вилоят ИИБ ходимлари томонидан  ўтказилган тезкор тадбирда, Б.Х фуқаро Ш.Л.дан келишилган пулнинг қолган 1500 АҚШ долларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритган вақтида процессуал тартибда ашёвий далиллар билан ушланган. 

Ҳозирда ҳар иккала ҳолат юзасидан ушбу шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.