Бугун ичимлик суви таъминоти тўлиқ қайта тикланади

Самарқанд шаҳрининг айрим ҳудудларида ичимлик суви таъминоти жорий йилнинг 23 июнь куни соат 20:00 дан вақтинча тўхтатилганди.  

Абу-Даби тараққиёт жамғармаси грант маблағлари ҳисобидан, “Самарқанд шаҳрида сув таъминоти тизимлари ва йўл тармоқларини модернизация қилиш” лойиҳаси доирасида “Чўпонота” ва “Мулён” сув иншоотларида реконструкция ишлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, Чўпонота сув тозалаш иншоотида “Самарқанд сув таъминот” МЧЖ ҳамда “Mesmer-east” МЧЖ нинг 70 нафардан зиёд ишчи-ходимлари қурилиш-таъмирлаш ишларини олиб боряпти.

“Самарқанд сув таъминот” МЧЖ бошлиғи Толиб Бобоевнинг таъкидлашича, қурилиш-таъмирлаш ишларини ўз вақтида ташкил этиш бўйича махсус штаб тузилган бўлиб, айни вақтда сувдан узилган 172 та маҳаллага босқичма-босқич, 18 та йирик резервуарли машиналарда тоза ичимлик суви етказиб бериш ташкил этилган.

Сувни сифатли ва хавфсиз етказиш мақсадида корхонанинг лабораторияси ходимлари санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси Самарқанд шаҳар бўлими мутахассислари билан ҳамкорликда иш олиб бормоқда.

Ўрнатилганига 60 йилдан ошиб кетган сув тортиш ва тақсимлаш ускуналари, айрим ҳудудлардаги тармоқларда йилига 4-5 марта авария ҳолатлари содир бўла бошлади. Оқибатда шаҳарнинг катта қисмида яшовчи аҳоли хонадонларида сув етиб бормай қўйди.

Айни вақтда “Мулён” сув иншоотида реконструкция қилинган ускуна ҳамда тизимларни ишга тушириш ишлари якунига етказилмоқда. Иншоотнинг эскирган сув насослари ўрнига замонавий ва энергия тежамкор сув тортиб олиш насослари ўрнатилмоқда.
 
Сув тақсимлаш ускуналарини янгилаш ишлари иккала иншоотда ҳам бир вақтнинг ўзида амалга оширилмоқда. Аҳоли ичимлик суви таъминотини қайта тиклаш ишлари кеча-кундуз навбат билан олиб борилмоқда.
 
Эслатиб ўтамиз, Самарқанд шаҳри аҳолисининг ичимлик суви таъминоти бугун соат 20:00 да тулиқ қайта тикланади.

Дилмурод ТЎХТАЕВ.
Бахтиёр МУСТАНОВ.