ОИТС касаллиги ҳақида нималарни биламиз?

«95-95-95» стратегияси ҳақида-чи?

– Президентимизнинг «Одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касалликка қарши курашиш тизимини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 2030 йилга бориб ОИВ эпидемиясига барҳам бериш учун «95-95-95» стратегиясига амал қилган ҳолда ишлаш белгиланган, - дейди вилоят ОИТСга қарши курашиш маркази бош шифокори Зокир Умурзоқов журналистлар билан бўлиб ўтган матбуот анжуманида. – Унда ОИВ инфекцияли шахсларнинг 95 фоизи ўз мақомини билишлари, 95 фоизи махсус даволаш курслари билан қамраб олинишлари ҳамда 95 фоизи қонида вирус юкламаси аниқланмайдиган даражага тушишига эришиш белгиланган.


Мазкур стратегияга мувофиқ, донорлар маблағлари ҳисобидан юртимиз аҳолиси ўртасида касалликни эрта аниқлаш, ташхислаш ва даволаш сифатини ошириш мақсадида тест-тизимлари ва ретровирусга қарши воситаларни харид қилинди. ОИТСга қарши кураш марказлари ва уларнинг туманлараро диагностика лабораторияларининг моддий-техника базасини ривожлантириш, мутахассисларнинг билим ва кўникмаларини ошириш, шунингдек, бошқа ташкилий тадбирлар учун 120 миллиард сўм ва 54 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағлар йўналтирилди.

Бугунги кунда вилоятда ОИВ инфекцияси билан яшовчи шахслар бўйича касаллик кўрсаткичи 2024 йил 7 ойида 100 минг аҳоли сонига нисбатан интенсив кўрсаткич 117,26 ни ташкил этди. Уларнинг 55 фоизи эркаклар, 44,9 фоизи  аёллардан иборат.

Касалланишнинг ортишига, унга қарши вакцинанинг йўқлиги, хавф гуруҳга кирувчи шахслар билан ишлаш қийин кечаётганлиги, касалликнинг сўнгги босқичларида аниқланиши, бетартиб жинсий алоқа қилувчиларнинг кўплиги ҳамда беморларнинг ўз вақтида тиббий назоратдан ўтмаслиги сабаб бўлмоқда.

З.Умурзоқовнинг айтишича, ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда интим хизмат кўрсатувчилар орасида турли инфекцияларнинг олдини олиш мақсадида тунги рейдларда ташкил этилиб, суҳбатлар олиб борилмоқда. Шунингдек, деҳқон ва буюм бозорларида, гўзаллик салонлари ва сартарошхоналарда, автобус бекатларида, аэропорт ва темирйўл вокзалларда касаллик профилактикаси бўйича суҳбатлар олиб борилиб, кўнгиллилар экспресс-тестдан ўтказиляпти.

Бугунги кунда беморларни даволаш учун 3 компонентли юқори фаолликка эга бўлган антиретровирус препаратларидан фойдаланилмоқда. Бу дори воситалари организмда вирус юқишига сабаб бўлувчи вирус юкламаси ҳосил қилмайди ва бошқага юқишига йўл қўймайди. Беморларга хавфли бўлган ёндош касалликларни ривожланишининг олдини олади, беморларнинг умри узайишига ёрдам беради.

Дилмурод Тўхтаев,

Ҳ.Элтоев олган суратлар.