"Биз, ёшлар гиёҳвандлик ва ОИТСга қаршимиз!"
Самарқанд шаҳридаги ёшлар марказида бўлиб ўтган тадбир шундай номланди.
Тадбирда Наркотик моддалар устидан назорат қилиш бўйича Давлат комиссияси раиси ўринбосари О.Нарзуллаев, вилоят ҳокимининг ўринбосари Х.Очилов, Ўзбекистон Республикаси ёшлар ишлари агентлиги бўлими бошлиғи Ш.Хонимов маърузачи сифатида иштирок этди. Тадбир онлайн тарзда барча туманлар студияларида ҳам кузатиб борилди.
- Ҳозирда дорихона наркотикаси атамаси пайдо бўлган, – деди комиссия раиси ўринбосари О.Нарзуллаев. – Таркибида маълум миқдордаги наркотик мавжуд бўлган турли дори воситаларининг қўшни мамлакатлар орқали кириб келиш ҳолатлари учраяпти. Албатта, бу каби салбий ҳолатларнинг олдини олиш бўйича назорат тадбирлари ўтказилмоқда. Аҳоли, айниқса ёшлар ўртасида гиёҳвандликка қарши курашиш борасида тегишли дастурлар амалга ошириляпти. Аммо айрим ҳолларда бу унга қарам бўлиш ҳолатлари учрамоқда.
Ҳа, гиёҳвандликка ўрганган киши ҳам маънан, ҳам жисмонан инсон қиёфасини йўқотади, ўз ҳаётини барбод қилади, қолаверса, атрофидаги инсонларнинг нотинчлигига сабаб бўлади. Энг ачинарлиси, бу иллат жамият хавфсизлиги ва эртамиз эгалари бўлган ёшларнинг ҳаётига катта таҳдид солади.
Тадбирда гиёҳвандлик ва унинг салбий иллатларини ўзида акс эттирган видеоролик намойиш этилди. Ёшлар маърузачилар билан бевосита савол-жавоб шаклида мулоқот қилди.
Сулаймон Асомиддинов.