ОИВ инфекцияси тўғрисида тиббий маданиятни ошириш зарур
Дунёда инсоннинг саломатлигига салбий таъсир кўрсатадиган турли хил касалликлар бор. Аммо шундай дардлар борки, унинг номи касаллик келтирадиган зарардан оғирроқ, азоблироқ.
Бу дард билан чалинган инсонлар қайсидир маънода жамиятдан узилиб қолгандай, ўзларини ёлғиз қолгандай ҳис қилади.
Касалликдан қўрқиш эмас, ундан ҳимояланиш лозим. Бунинг учун ОИВ инфекциясини аниқлаш учун ўзига яқин амбулатор профилактика муассасасига қон таҳлили намунасини топшириш керак. Биринчи марта иммунофермент анализ (ИФА) усули орқали текширилади. ИФА қон зардоби ёки қон плазмасида ОИВ антителаларини аниқлашга асосланган усул. Иммунофермент анализ усули ОИВ инфекциясини аниқлашда тахминий усул бўлиб, бунда кўп миқдорда антитела аниқланади. Бошқа иммунитетнинг оғир шикастланиши билан кечадиган касалликларда ҳам ИФА таҳлили усули мусбат натижа бериши мумкин. ОИВ инфекцияси юққанлигини аниқлашда хулоса қилиш учун қайта қон таҳлили олиниб, иммуноблот усулида текширилади. Бу усул ОИВ инфекциясини аниқлашда тасдиқловчи усул ҳисобланиб, бунда айнан ОИВ инфекциясига хос танача аниқланади.
Таҳлил натижасидан сўнг ОИВ инфекцияси аниқланган шахслар билан ОИТС марказининг мутахассислари профилактик ва даволаш тадбирларини олиб боради. Ҳар бир ОИВ инфекцияли шахслар антиретровирусга қарши дори воситалари билан доволаш курсини бошлайди. Вирусга қарши дейилгани билан бу препарат вирусни ўлдирмайди, балки организмда вирусни кўпайишини тўхтатиб туради. Натижада ОИВ инфекцияли шахслар вирусга қарши дори воситаларни қабул қилиб, соғлом одамлардек бемалол ҳаётини давом эттиради.
Аммо жамиятда бу касалликка нисбатан нотўғри тушунчага эга шахслар ҳам жуда кўп учраганлиги сабабли баъзан одамларга ОИВ инфекцияси қўл бериб кўришганда, идишидан фойдаланганда, мулоқотда бўлганда, ҳаво томчиси орқали юқади, деган нотўғри фикрда бўлади. Аммо ОИВ инфекцияси жинсий, парентерал, яъни қон ва вертикал йўллар орқали юқишини ҳамма инсонлар ҳам билмайди. Бунинг оқибатида ОИВ инфекцияли шахсларда аламзадалик ҳолати кучайиши ва ўзининг статусини сир сақлаб, бошқаларга юқтириш эҳтимолини юзага келтириши мумкин.
Бундай салбий ҳолатларнинг олдини олишда аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида ОИВ инфекцияси тўғрисида тиббий маданиятни ошириш жуда муҳим. Шу билан бирга тиббий ходимларни ОИВ инфекцияли шахсларда касални енгиш учун ўзига бўлган ишонч ошишига антиретровирус дориларини бир умр қабул қилишда содиқликни таъминлашда рухий-психологик кўмаклашади.
ОИВ инфекцияли шахслар дори воситаларини ўз вақтида тартиб билан ичиб юриши лозим. Бу уларнинг ҳаёт сифатини яхшилашга ва умрини узайтиришга ёрдам беради.
Зулайҳо Қурбонова,
Ноила Музробова,
вилоят ОИТСга қарши кураш маркази лаборатория мажмуаси врач-лаборантлари.