ОИТСга қарши вакцина йўқ, аммо касалликни эрта аниқлаш мумкин
Орттирилган иммунитет танқислиги синдроми бугунги куннинг энг долзарб мавзуси бўлиб қолмокда. Ушбу касаллик одамдан одамга қон ва биологик суюқликлар (орқа мия суюқлиги, сперма) орқали юқади.
ОИВ ретровируслар оиласига кириб, ретровирусларнинг характерли хусусияти уларнинг геноми таркибида жуда ноёб орқага қайтарувчи транскриптаза ферментининг борлигидир. Қайталама транскриптаза геном таркибидаги генетик тўплам маълумотларни орқага йўналтириш хусусиятига эга.
Меъёрда генетик маълумотлар ДНКдан РНКга ўтказилади. Ретровирусларда эса қайталама транскриптаза ферменти ёрдамида РНКдан ДНК молекуласи синтезланади. Бунинг натижасида вирус геномида кўплаб структура ўзгаришлари келиб чиқади ва вирус антигенларининг доимо ўзгариб туришига олиб келади. Шунинг учун вирус антигенига қарши ҳосил бўлган антителолар вирусларни қамраб ололмайди ва зарарсизлантира олмайди.
ОИВ антигенларининг доимо ўзгариб туриши касалликка қарши вакцина ишлаб чиқиш, касалликнинг даъвосини топишга тўсқинлик қилади. ОИВ аутоиммун реакцияларни активлаштиради, кўп ядроли ҳужайралар ва лимфоид ҳужайраларни зарарлайди. Орттирилган иммун танқислик синдромини келтириб чиқаради. Мана шу сабаблар асосида СД4 (организм иммунитети ҳолатига жавобгар ҳужайралар) ҳужайралари миқдор жиҳатдан жуда камайиб кетади, бу эса организмда чуқур иккиламчи иммунтанқислик ҳолатини келтириб чиқаради. Организм ҳимоясиз бўлиб қолади ва натижада оппортунистик касалликлар ва ўсмалар ҳосил бўлиши активлашади.
ОИВ макрофаглар иштирокида бутун организмга тарқалади ва марказий нерв системасини ҳам жароҳатлайди. Вирус одам организмига тушгандан кейин 3 ойдан 10 йилгача яширин ҳолатда бўлиши мумкин. Бу давр мобайнида вирус иммунитет тизимини зарарлаб боради. Шу сабабли касалликни ўз вақтида аниқлаш, эрта ташхис қўйиш, диспансер назоратига олиб, даъво муолажаларини қилиш муҳим ҳисобланади.
ОИТС касаллигининг лаборатория ташхисоти вируснинг ўзини ёки бўлакчаларини аниқлаш, вирусга қарши организмда ҳосил бўлган антителоларни аниқлаш, организмдаги иммунологик ўзгаришларни текшириш каби уч йўналишда олиб борилади. ОИВни қонда касалликнинг бошланғич даврида аниқласа бўлади. Аммо қондаги вируснинг сони касаллик жараёнида кескин камайиб боради ва уни фақат махсус сезувчи усуллар (полимераза занжир реакцияси) ёрдамида билиш мумкин. ОИВ инфекцияси орттирилган иммун танқислик синдроми босқичига ўтганда қондаги вирус миқдори яна бироз кўтарилади.
Вирусга қарши антителолар вирусни юқтирган кишиларнинг бир қисмида вирус юққандан бир ёки бир ярим ойдан кейин аниқланиши мумкин, лекин кўпчилигида антителолар кечроқ пайдо бўлади. Умуман уч ойдан сўнг 90-95 фоиз, олти ойдан кейин 99 фоиз ОИВ юқтирган кишиларда ИФА усулида антителоларни топиш мумкин. Шунинг учун ОИВ инфекциясининг лабаратория ташхисоти асосан антителоларни аниқлашга асосланган.
Бугунги кунда ОИТС касаллигининг махсус профилактикаси учун вакцина йук. Аммо олиб борилаётган текширишларда вакцина яратиш борасида молекуляр биология ва ген инженерияси соҳасида ютуқларга эришилмоқда. Асосий чора-тадбирлардан бири касалликни эрта аниқлаш, донорлик қони ва унинг препаратларини текшириш, трансплантатларни (органларни кўчириб ўтказиш) ОИВ инфекциясига текшириш, аҳоли орасида санитария-оқартув ишларини олиб бориш ҳисобланади.
Мавлуда Чўянова,
Зуҳра Ҳусанова,
вилоят ОИТСга қарши кураш маркази лаборатория бўлими шифокорлари.