Самарқандда 262 мингдан зиёд аҳолидан спорт синовлари олинди
Аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш мақсадида ёш тоифаси бўйича фуқаролардан тўрт йўналишда «Жисмоний тайёргарлик даражаси» спорт синовларини қабул қилинмоқда.
Вилоятимизда жорий йилнинг март-апрель ойларида 7 ёшдан 17 ёшгача, апрель-май ойларида 18 ёшдан 29 ёшгача, август-сентябрь ойларида 30 ёшдан 49 ёшгача, октябрь-ноябрь ойларида 50 ва ундан катта ёшдаги шахслардан ҳамда давлат органлари ва ташкилотларида фаолият юритаётган ходимлардан мураккаблик даражасини ҳисобга олган ҳолда ихтиёрий ва махсус талаблар асосида спорт синовлари олинмоқда.
Спорт синовларини топширган фуқароларнинг таҳлилий маълумотларини ягона электрон базада юритиш амалиётини жорий этиш мақсадида my.sport.uz платформасида “Sport sinovlari” ахборот тизими ишга туширилган бўлиб, узоқ ва қисқа масофага югуриш, юриш, баскетбол саватчасига тўп киритиш, узун ва қисқа масофага сакраш, граната улоқтириш каби спорт машғулотларини бажарган иштирокчилар баҳолаб борилмоқда.
- Президентимизнинг 2021 йил 16 июндаги “Аҳолининг жисмоний тайёргарлик даражасини баҳолаш тизимини жорий этишнинг ташкилий чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳамда «Ўзбекистон — 2030» стратегиясини «Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили»да амалга оширишга оид давлат дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида жорий йилнинг ўтган даврида 262 минг нафардан зиёд аҳолидан спорт синовлари қабул қилинди, - дейди вилоят спорт бошқармаси бошлиғи Шуҳрат Рўзиев. - Ушбу спорт синовларининг ихтиёрий талаблари маҳаллаларда танлаб олинган 1126 та инфратузилмаси мавжуд спорт иншоотларида ўтказилди. Спорт синовларининг махсус талаблари туман (шаҳар)лардаги спорт мактабларида қабул қилинди.
Спорт синовларининг махсус талабларини бажарган 376 нафар иштирокчи «Жисмоний тайёргарлик даражаси» кўкрак нишони ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.Шунингдек, улар бир йил мобайнида кўплаб имтиёзлардан ҳам фойдаланади. Ҳозирда спорт синовларининг сўнгги босқичида идора ва ташкилотлар ходимлари жисмоний тайёргарликдан ўтказилмоқда.