Самарқандда 28 минг нафар мактаб ўқитувчиси гриппга қарши эмланди
Соғлиқни сақлаш ҳамда Халқ таълими вазирликларининг 2020 йил 2 октябрдаги “Умумтаълим муассасаларида грипп ва ўткир респиратор инфекцияларнинг мавсумига тайёргарлик кўриш, умумтаълим муассасалари ўқитувчи ҳамда ходимларини гриппга қарши эмлаш ишларини ташкил этиш тўғрисида”ги қўшма қарорига асосан Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси тасарруфидаги умумтаълим муассасалари ўқитувчи ва ходимлари грипп ва ўткир респиратор инфекцияларга қарши эмланмоқда.
Гриппга қарши эмлаш ишларини ташкил этиш учун таълим ва соғлиқни сақлаш тизимининг бирламчи звеноси томонидан эмлаш пунктлари талаб даражасида тайёрланди, зарур бўлган тиббиёт буюмлари ва биринчи ёрдам кўрсатиш учун дори-дармонлар билан таъминланди. Тиббиёт хонаси мавжуд бўлмаган мактабларда гриппга қарши эмлаш ишларини ташкил этиш учун алоҳида хоналар ажратилди.
— Қўшма қарор ижросини таъминлаш мақсадида айни пайтга қадар мактабларимизнинг 28 минг нафар педагог ходимлари гриппга қарши эмланди, — дейди вилоят халқ таълими бошқармасининг соғлом овқатлантиришни ташкил этиш ва тиббий хизмат кўрсатишни мувофиқлаштириш шўъбаси мудири Муродилла Якубов. — Мазкур жараёнда биринчи навбатда, бошланғич синф ўқитувчилари эмланмоқда. Ундан сўнг албатта, катта синф ўқитувчиларини ҳам гриппга қарши эмлаш давом этади. Ушбу йўналишда олиб борилаётган барча ишлар кунлик мониторинг қилиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, бугунги кунда вилоят халқ таълими тизимида 56 526 нафар педагог ва мураббийлар меҳнат қилмоқда.
Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати.