Самарқандда 59 нафар спорт мураббийларига эҳтиёж бор
Самарқанд шаҳридаги спортнинг якка кураш турларига ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар спорт мактабида Президентимиз томонидан илгари сурилган 5 та муҳим ташаббуснинг вилоятимиздаги ижросига бағишланган пресс-тур ташкил этилди.
Вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлими, вилоят ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси ҳамкорлигида ўтказилган тадбирларда вилоят жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси бошлиғи Шуҳрат Рўзиев ёшларни жисмоний чиниқтириш ва спорт соҳасида ўз қобилиятини намоён қилишлари учун зарур шароитлар яратиб бериш юзасидан қилинаётган ишлар ҳақида маълумот берди.
Таъкидландики, 2020 йил Японияда бўлиб ўтадиган Олимпиада ўйинларига спортнинг енгил атлетика, дзюдо, бокс, эшкак эшиш, юнон-рум кураши, бадиий гимнастика, камондан отиш турлари бўйича ҳамда паралимпия ўйинларининг парадзюдо, таэквондо ВТФ йўналишларида 33 нафар спортчилар йўлланма олиш учун халқаро спорт мусобақалари ва ўқув-машғулот йиғинларида иштирок этмоқда.
Самарқанд шаҳридаги Қуйи хўжасоат, Юксалиш, Нурафшон, Қорасув маҳалласи, Оқдарё туманидаги Кумушкент, Бозоржой, Янги қўрғон, Авазали маҳаллалари, Пахтачи туманидаги Тараққиёт, Истиқлол, Бурқут, Шамси Назаров маҳаллаларида ёшларни оммавий спортга жалб этиш юзасидан тизимли ишлар бажарилмоқда.
- Вилоят спорт муассасаларида бугун тренер-ўқитувчиларга эҳтиёж бор, - деди Ш.Рўзиев. - Жумладан, Самарқанд шаҳрида 28, Пахтачи туманида 7, Ургут туманида 24 нафар тренер-ўқитувчилар етишмаяпти. Шунингдек, спорт-тиббиёт мутахассисларининг йўқлиги ҳам муаммо. Масалан, жойларда бокс бўйича мураббийларнинг етишмаётгани оқибатида атиги икки нафар боксчимиз халқаро мусобақаларда ўрин олишга эришди, холос. Спорт мактабларидаги мавжуд мураббий-ўқитувчилар фаолияти ҳам қониқарли эмас.
Тадбир давомида иштирокчилар спорт мактабида яратилган шарт-шароитлар, кутубхона ва музей фаолияти билан танишди.
Ҳусан ЭЛТОЕВ.