Самарқандда бир неча мансабдор қўлга олинган

Самарқандда кўп миқдордаги пул маблағларини ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилган бир неча мансабдор қўлга олинган.

Хусусан, “Самарқанд сув таъминоти” МЧЖ Самарқанд шаҳар филиали раҳбари Ж.З.нинг кўп миқдордаги пул маблағларини ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилгани аниқланган. Ушбу шахсга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Шунингдек, “Ҳудудгаз Самарқанд” газ таъминоти филиали метрология хизмати бошлиғи Р.Ж. ўз мансаб ваколатларидан фойдаланиб, Нарпай туманида жойлашган “Карим қурилиш савдо” хусусий корхонасининг норасмий раҳбари О.А. ва унинг жиноий алоқалари томонидан ўғирланган табиий газ ҳисобини яшириш мақсадида, етказиб берилган ва истеъмол қилинган табиий газ ҳисоб-китобларини мунтазам ўзгартириб келган.

Шу билан бирга, у юқори босимли газ тармоқларида юзага келган камомад ва эҳтимолий ўғирлик ҳолатлари мавжудлигини билиб турса-да, масофадан туриб газ тарқатиш станцияларидаги газ ҳисоблагичларига ташқи таъсир кўрсатган. Р.Ж.га нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Юқоридаги ҳолатга кўмаклашган “Нарпайтумангаз” газ таъминоти бўлими бошлиғи лавозимида ишлаган З.А. ҳам Нарпай туманида жойлашган “Карим қурилиш савдо” хусусий корхонаси норасмий раҳбари О.А. ва унинг жиноий алоқаларининг ноқонуний фаолиятига амалий ёрдам бериб, амалга ошириладиган текширув тадбирлари хусусида олдиндан хабардор қилиб келган. Ҳозирда З.А.га нисбатан ҳам жиноят иши қўзғатилиб, у эҳтиёт чораси тариқасида қамоққа олинган.

Яна бир ҳолатда эса акциядорлик тижорат Халқ банки Самарқанд филиалида чакана савдо бўлими бошлиғи лавозимида ишлаган Ш.Ю. ўз мансаб ваколатидан фойдаланган ҳолда ўзининг номидаги банк пластик картасига ноқонуний равишда 631 млн. сўм кирим қилиб, ушбу маблағнинг барчасини “1 ХВЕТ” қимор ўйинига тикиб юборган.

Ушбу ҳолат юзасидан Ш.Ю.га нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан 5 йил озодликдан маҳрум қилиш ва 2 йил банк соҳаларида моддий ва мансабдорлик вазифаларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Бундан ташқари, бир ҳолатда Самарқанд вилояти “Қурилишда танлов савдоларини ташкил этиш консалтинг маркази” директори С.Г. ҳамда марказ бош ҳисобчиси А.Ж.лар ўзаро жиноий тил бириктирган ҳолда марказ маблағларини талон-торож қилиб келгани аниқланган.

“Қурилишда танлов савдоларини ташкил этиш консалтинг маркази”нинг 2016-2023 йиллардаги фаолияти ўрганилганда, марказ мансабдор шахслари ўзаро жиноий тил бириктирган ҳолда, жамиятнинг 1,3 млрд сўмлик маблағларини ўзлаштириб юборгани аниқланиб, тегишли тартибда ҳужжатлаштирилган. Бу иккала шахсга нисбатан ҳам жиноят иши қўзғатилган.