Самарқандда боғ ва ўсимликларда зараркунанда ва касаллик тарқалмаслиги учун нима қилиняпти?

2023 йилнинг ўтган даврида вилоят ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармасининг ташқи карантин бўлими томонидан 1910 та фитосанитария сертификати, 1250 та ички фитосанитария сертификати, 753 та зарарсизлантириш далолатномаси, 1639 та транспорт бирлигини очиш ва карантин кўриги далолатномаси расмийлаштирилган. 

Вилоят Матбуот уйида вилоят ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси бошлиғи ўринбосари Алишер Исмоилов иштирокида соҳа мутахассислари томонидан олиб борилаётган профилактик ишларга бағишланган мабуот анжуманида бу ҳақда айтилди. 

Масъулнинг билдиришича, вилоятда 23 853 гектар мевали боғ, 26985 гектар сабзавот ва 20 минг гектар картошка майдони мавжуд ва уларда учрайдиган зараркунанда, касалликларга қарши қишки агротехник тадбир ишлари олиб борилган.

- Жумладан, 23 853 гектар мевали боғ майдонида 20 853 гектар яхоб суви қуйиш, 21014 гектар майдонда зарарланган, қуриган новдаларни кесиш, 19273 гектар майдонда дарахтлар атрофини юмшатиш, 19695 гектар майдонда дала четидаги ариқ-зовурларни бегона ўт қолдиқларидан тозалаш ишлари олиб борилди, - дейди А.Исмоилов. - 26 985 гектар сабзавот экинларини экиш учун, 20 минг гектар картошка учун мўлжалланган майдонлар бегона ўт қолдиқларидан тозаланди. 

Шунингдек, вилоятимизда мавжуд боғ-токзорларда зарарли организмларга қарши курашиш мақсадида баҳорги профилактик тадбирлар олиб борилмоқда. Жумладан, 23 853 гектар мевали боғ майдонида 16167 гектар “Бордо” суюқлиги ва 2 288 гектар “Мис купороси” ҳамда 4186 гектар мойли перепаратлар билан ишлов олиб борилиши назорат қилинмоқда.