Самарқандда эски сеялкалар замонавий техникага айлантирилмоқда
Вилоятга 131 та эски русумдаги сеялкалар олиб келинди ва бу қишлоқ хўжалиги техникалари маҳаллий механиклар томонидан қайта ишланиб, замонавий талабларга жавоб берадиган сеялкаларга айлантирилмоқда.
Лойиҳа доирасида эски сеялкаларнинг асосий конструкцияси сақлаб қолинган ҳолда, уларнинг техник имкониятлари тубдан янгиланмоқда. Хусусан, уруғ сепиш аниқлигини ошириш, ўғитларни меъёрда тарқатиш ҳамда иш жараёнини енгиллаштирувчи янги механизмлар ўрнатилмоқда. Айрим сеялкаларга электрон назорат тизимлари ва замонавий дозаторлар ҳам жорий этилмоқда.
Мутасаддиларнинг таъкидлашича, бу ташаббус қишлоқ хўжалигида импорт техникага бўлган эҳтиёжни камайтиришга хизмат қилади. Шу билан бирга, маҳаллий механик ва муҳандисларнинг салоҳиятини ошириш, уларнинг амалий тажрибасини бойитиш учун ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Энг муҳими, модернизация қилинган сеялкалар деҳқон ва фермерлар учун анча арзон бўлиб, хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш ишлари ҳам осонлашади. Эҳтиёт қисмларни маҳаллий шароитда тайёрлаш имконияти мавжудлиги техникадан фойдаланишда қўшимча қулайлик яратади.
Мутахассислар бу каби лойиҳаларни қишлоқ хўжалигида инновацияларни жорий этишнинг самарали йўли сифатида баҳоламоқда. Самарқандда амалга оширилаётган ушбу ташаббус келгусида бошқа ҳудудлар учун ҳам намуна бўлиши мумкин.
Тўлқин Эргашев,
вилоят қишлоқ хўжалик бошқармаси бош мутахассиси.