Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқандда “Gentra” автомашинасини олиб қочган шахс ушланди

Жорий йилнинг 30 октябрь куни соат 17:30 да 21 ёшли Д.Э. Самарқанд шаҳар Кимёгарлар қўрғони, Сайқал кўчасида жойлашган автомашиналарни ювиш шохобчасига келиб, ўзининг “Gentra” русумли автомашинасини ювдириш учун автомашина ювувчи бўлиб ишловчи 25 ёшли Ш.А.га қолдирган.

Бундан фойдаланган Ш.А. ўт олдириш жойида турган калит ёрдамида автомашинани ўт олдириб, уни номаълум томонга олиб қочган.

Тезкор қидирув тадбирлари натижасида Самарқанд шаҳар ИИО ФМБ ходимлари томонидан Ш.А. мазкур транспорт воситасини бошқариб кетаётган вақтида аниқланиб, мажбурий тартибда тўхтатилган. Шунга қарамасдан, Ш.А. ИИО ФМБ ходимларига фаол қаршилик кўрсатиб, ўзи олиб қочган автомашина эшикларини очмасдан, ундан тушишдан бош тортганлиги сабабли ходимлар томонидан эшикни очиш ва Ш.А.ни ушлаш мақсадида охирги зарурият сифатида автомашина эшиги ойнаси синдирилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Самарқанд шаҳри бўйича ИИО ФМБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Ш.А.га нисбатан Жиноят кодексининг 267-моддаси 1-қисми (транспорт воситасини олиб қочиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Жиноят иши бўйича Ш.А. айбланувчи тариқасида ишда иштирок этишга жалб қилинган ва унга нисбатан “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.

ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабарига кўра, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Эслатма, транспорт воситасини олиб қочиш қонунда белгиланган тартибда жиноий жавобгарликка сабаб бўлади. Шу турдаги жиноят содир этган шахсга нисбатан 10 йилгача муддатда озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиши мумкин.