Самарқандда Ички ишлар вазири иштирокида йиғилиш ўтказилди

Тадбирда 27 январь куни Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Тошкент шаҳрида хавфсиз муҳитни барпо этиш ҳамда жамоат хавфсизлигини ишончли таъминлашга қаратилган намунавий амалиётни жорий этиш юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида берилган топшириқлар ижросини таъминлаш чора-тадбирлари белгиланди.

Ички ишлар вазири А.Тошпўлатов, вилоят ҳокими А.Бобоев давлатимиз раҳбари томонидан Тошкент шаҳри мисолида хавфсиз муҳитни шакллантириш, жамоат хавфсизлигини таъминлаш юзасидан белгилаб берилган вазифалар Самарқанд вилояти учун ҳам хослигини қайд этиб, бу борада эътибор қаратиш лозим бўлган масалаларга тўхталди. Туман ва шаҳарларда ушбу йўналишда амалга оширилаётган ишлар, маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратиш учун кўрилаётган чора-тадбирлар, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларни барвақт аниқлашга қаратилган профилактик тадбирлар танқидий таҳлил қилинди.

Хусусан, Самарқанд шаҳрида жиноятчилик даражасининг ошгани кескин танқид остига олинди. Шу билан бирга, кибержиноятчилик, гиёҳвандлик билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар, уюшган жиноятчиликка қарши курашиш ҳамда яширин иқтисодиётни келтириб чиқараётган омилларни бартараф этиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

Йиғилишда жорий йилда вилоятда хавфсиз ҳудудларни шакллантиришга қаратилган аниқ ва мақсадли чора-тадбирлар белгиланди. Жумладан, вилоят ҳудудидаги 1063 маҳаллада хавфсиз муҳитни таъминлаш бўйича комплекс ишлар олиб бориш, ижтимоий профилактика доирасида “хонадонма-хонадон” ишлашнинг намунавий механизмини жорий этиш режалаштирилди.

Наркожиноятчилик ва уюшган жиноятчиликка қарши курашиш, аёллар ва болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш борасида масъул идоралар билан ҳамкорликда тизимли чоралар кўриш, туман ва шаҳарларда, хусусан, уюшмаган ёшлар бандлигини таъминлашга қаратилган “Самарқанд тажрибаси”ни жорий этиш вазифалари белгиланди.

Йиғилишда билдирилган фикрлар асосида ҳудудларда қўшимча замонавий видеокузатув воситаларини ўрнатиш ва уларни вилоят ички ишлар бошқармасининг “Ягона тезкор бошқарув маркази”га босқичма-босқич улаш, шунингдек, кўнгилочар масканлар, 24 соат фаолият юритувчи гастрономик кўчалар, савдо марказлари ҳамда оммавий тадбирлар ўтказиладиган ҳудудларда жамоат тартибини таъминлаш бўйича комплекс чоралар белгилаб олинди.