Самарқандда Корея Республикасида ишлаш истагидаги фуқаролар ўртасида танлов бошланди

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Корея Республикаси Канвондо провинциясининг Янггу, Инже, Хонгчон, шунингдек Кёнгсангпукдо провинциясининг Йонгянг округлари администрациялари ўртасида тузилган мавсумий ишчилар тўғрисидаги келишувларга асосан, жорий йилнинг 3-8 май кунлари Наманган, Фарғона, Самарқанд ва Қашқадарё вилоятларида 5 ойлик мавсумий ишларда (Е-8 визаси билан) вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш истагида бўлган фуқаролар учун танлов ўтказилиши ҳақида хабар берилган эди.

Бугун, 7 май куни Самарқанд шаҳридаги “Ишга марҳамат” мономарказида Корея Республикасида ишлаш истагида бўлган фуқаролар учун танлов бошланди.

Танловда иштирок этиш ниятида бўлган фуқаролар учун Корея томонидан қуйидаги талаблар қўйилган:

- вилоят ҳудудида охирги 3 йил давомида доимий рўйхатда туриб истиқомат қилиши;

- корейс тилини билиши (суҳбат корейс тилида бўлиб ўтади);

- эркаклар 35-45 ёш оралиғида бўлиши;

- оилали бўлиши (ажрашмаган);

- мавсумий ишлар бўйича (қишлоқ хўжалиги) тажрибага эга бўлиши;

- соғлом, юқумли касалликларга чалинмаган бўлиши;

- судланмаган бўлиши;

- Жанубий Корея Республикаси ҳудудига кириш учун тақиқ бўлмаслиги;

- Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан чиқишга тақиқи мавжуд бўлмаган ва хорижга чиқиш паспортига эга бўлиши лозим.

Эслатиб ўтамиз: Жанубий Корея Республикасига Е-8 визаси бўйича вақтинчалик меҳнат қилиш учун жўнаб кетган ҳамда белгиланган муддатда Ватанга қайтмаган фуқаролар (ноқонуний Жанубий Корея ҳудудида бўлган) 3 томонлама шартномада белгиланган тартибда Жанубий Корея Республикасида ноқонуний бўлган ҳар бир ой учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 баравари (тахминан 2300 АҚШ доллари) ҳамда Жанубий Корея Республикасининг иммиграция қонунчилигига мувофиқ 30 миллион корейс вонигача (тахминан 27 000 АҚШ доллари) миқдорида жаримага тортилишига сабаб бўлиши тўғрисида огоҳлантирамиз.

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ҳужжатлар топшириб, суҳбатдан ўтган фуқаролар виза олишига кафолат бермайди, виза тақдим этиш масаласи Жанубий Корея Республикаси томонидан ўрнатилган тартибда кўриб чиқилади.

Танловда иштирок этиш истаги бўлган фуқаролар қатьий белгиланган талабларга мос бўлишлиги мақсадга мувофиқ бўлиб, турли ноаниқ, таваккал ҳаракатлар фуқароларимиз учун ортиқча оворагарчиликка сабаб бўлиши мумкин.

Танлов жараёнларини ушбу ҳавола орқали жонли кузатишингиз мумкин 👉  (https://www.youtube.com/watch?v=o5sZ2PqO7_M): https://www.youtube.com/watch?v=49_jB0jqAsA