Свердловскда меҳнат мигрантларининг яшаш ва иш шароитлари ўрганилди
Аввал хабар қилганимиздек, Ўзбекистонлик меҳнат мигрантлари ҳолидан хабар олиш ва уларнинг муаммоларини ўрганиш мақсадида Самарқанд вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Ж.Ўроқов бошчилигидаги делегация Россияда бўлди.
Кейинги кунларда делегация аъзолари Свердловск областига борди.
Дастлабки учрашув Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Екатеринбург шаҳридаги ваколатхонасида “Урал-Ўзбекистон” дўстлик жамияти, “Ватан” жамоат ташкилоти раислари, самарқандлик меҳнат мигрантлари билан бўлиб ўтди.
Шунингдек, делегация аъзолари, Бош консулхона ва ваколатхона ходимлари “Строй Инвест” қурилиш корхонасида ишлаётган юз нафарга яқин юртдошларимиз яшаш ва иш шароитлари билан танишди, уларнинг қулайлик яратиш бўйича таклифларини тинглади.
Бундан ташқари, Бош консулхона томонидан Самарқанд вилояти делегациясининг Свердловск вилояти губернатори ўринбосари В.Козлов ҳамда Урал савдо-саноат палатасида йирик иш берувчилар билан учрашувлар ташкил этилди. Унда икки томонлама ҳамкорликка оид бир қатор масалалар муҳокама қилинди.