Ҳоким ўринбосари Россиядаги самарқандлик мигрантлар билан учрашди

Айни кунларда вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари, иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бош бошқармаси бошлиғи Ж.Ўроқов бошчилигидаги делегация Санкт-Петербург шаҳридаги мигрантлар учун ташкил қилинган "Ягона Миграция маркази"да бўлиб турибди.

Ж.Ўроқов марказда вақтинчалик рўйхатга туриш жараёнини расмийлаштириш ҳамда ишлаш учун патент олишда яратилган қулайликлар билан танишиш билан бирга, ватандошларимиз ва самарқандликлар билан суҳбатлашди ҳамда уларнинг иш шароитларини  ўрганди.

Шундан сўнг делегация аъзолари «Балтийский Берег» консерва заводида бўлди ва минг нафарга яқин ватандошимиз билан учрашди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг Санкт-Петербург шаҳридаги Бош Консулхонасида Россия Федерациясида узоқ йиллардан буён ишлаб келаётган ватандошларимиз, хусусан, талабалар билан учрашув ўтказди.

Бундан ташқари, Россияда фаолият юритаётган Туркиянинг "Rennesans konsalting" компаниясида меҳнат қилаётган 2 минг нафарга яқин ўзбекистонликларнинг шароитлари ўрганилиб, таклифлари атрофлича муҳокама этилди.

Танишув давомида Ўзбекистон Республикасининг Екатеринбург шаҳридаги Бош консуллигида ватандошлар, диаспора вакиллари, жамоат фаоллари ва ҳамюрт меҳнат мигрантлари билан ҳам учрашув ўтказилди.