Самарқандда майнинг ферма 1,8 млрд сўмлик электр энергиясини талон-торож қилди
Аввалроқ, Иштихон туманида 28,8 миллиард сўмлик электр энергиясидан ўғринча фойдаланилгани ҳақида хабар берилганди.
Ўшанда корхона биносининг ён қисмидаги ертўлада жойлашган 89 та майнинг қурилмаси электр ҳисоблагичдан ташқари тармоққа тўғридан-тўғри уланган бўлган.
Бош прокуратура матбуот хизматининг хабар беришича, крипто-активлар ишлаб чиқаришда ноқонуний майнинг фаолияти билан шуғулланувчи шахслар томонидан энергия ресурсларини талон-торож қилинишини фош этишга қаратилган назорат тадбирлари давом этмоқда.
Хусусан, Иштихон тумани “Қарақуйли” маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган “M.G.M” оилавий корхонаси раҳбари Х.Ё. корхонага қарашли бинонинг ер тўласида майнинг қурилмаларини электр тармоғига ўзбошимчалик билан улаб, 1,8 млрд сўмлик 2 млн. кВт.соат электр энергиясини ўғирлаган.
Мазкур ҳолат юзасидан Х.Ё.га нисбатан Жиноят кодексининг 169-моддаси 4-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, процессуал тартибда ушланган.