Самарқандда мунтазам дарс қолдираётган 1283 нафар ўқувчи аниқланган
Қонунчиликда бундай ҳолат 15 суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга ҳам сабаб бўлиши мумкинлиги белгиланган.
Аслида бу каби ҳолатларни ўрганиш вояга етмаганларни назоратсиз қолдиришнинг олдини олишдан иборат. Чунки ўтган йили Самарқанд вилоятида 191 та жиноят вояга етмаганлар томонидан содир этилган. Бу жиноятларнинг 60 фоизини ўғирлик ташкил этади.
Кейинги кунларда ўтказилган ўрганишлар натижасида мунтазам дарс қолдирадиган 1283 нафар ўқувчи аниқланган. Уларни мактабга қайтариш бўйича маҳалла фаоллари билан ҳамкорликда иш олиб борилмоқда.
Ота-оналар огоҳлантирилиб, уларга ҳуқуқ ва мажбуриятлари тушунтирилган.
Қайд қилиш лозим, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-моддаси (Болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик) бўйича жавобгарлик белгиланган.
Унга кўра, ўта-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан вояга етмаган болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик, шу жумладан вояга етмаган болаларнинг маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этишига олиб келиши — БҲМнинг 1 бараваридан 5 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Худди шундай ҳуқуқбузарликлар маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин 1 йил давомида такрор содир этилган бўлса, БҲМнинг 5 бараваридан 10 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Болаларнинг мажбурий умумий ўрта таълим, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими олишига ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан тўсқинлик қилиш БҲМнинг 10 бараваридан 15 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Ушбу модданинг учинчи қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, БҲМнинг 15 бараваридан 25 бараваригача миқдорда жарима солишга ёки 15 суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.