Самарқандда оғир турмуш шароитида яшаётган аёлларга кўмак берилди: уларнинг 120 нафари уй-жой билан таъминланади
Самарқанд шаҳрида вилоят хотин-қизлар қўмитаси томонидан оғир турмуш шароитида яшаётган, ногиронлиги бўлган хотин-қизларга 80 та ногиронлик аравачаси, 80 та эшитиш мосламалари ва 80 та бошқа реабилитация воситалари топширилди.
Тадбирда вилоят ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Г.Алимова сўзга чиқиб, вилоятимизда оилаларда ижтимоий-маънавий муҳитни яхшилаш, хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ёрдамга муҳтож бўлган ва оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган аёлларни иш билан таъминлаш бўйича амалга оширилган ишлар ҳақида тўхталиб ўтди.
Таъкидландики, жорий йилнинг биринчи чорагида 229 нафар оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизлар ишга жойлаштирилган. 120 нафари 1 декабрга қадар арзон уй-жой билан таъминланади. 804 нафар боқувчисини йўқотган оналар ҳамда 1511 нафар тўлиқсиз оилада тарбияланаётган болаларга моддий ва амалий ёрдам кўрсатилди.
Соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан вилоятдаги 533 нафар оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган, ногиронлиги бўлган хотин-қизлар тўлиқ тиббий кўрикдан ўтказилди.
- Байрам муносабати билан ташкил этилган тадбирда онамга ногиронлик араваси берилди, - дейди Каттақўрғон туманида истиқомат қилувчи Зиёда Иззатуллаева. – Бу масалада хотин-қизлар қўмитасига мурожаат қилгандик, сўровимиз эътибордан четда қолмаганидан хурсандмиз.