Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқандда ОИВ билан касалланиш камаймоқда

Йил бошидан буён янги ҳолатлар ўтган йилга нисбатан 18 фоиз (тахминан 62 та ҳолат)га пасайди. Беморларнинг 91,2 фоизи бепул даволаш билан таъминланган. Бу натижага қандай эришилди ва аэропортда ўрнатилган янги қурилма қандай ишламоқда?

- Ўтган йил мобайнида тиббиёт муассасаларида клиник кўрсатмалар асосида 153 минг 818 нафар фуқаро ОИВ инфекцияси бўйича текширувдан ўтказилди, - дейди вилоят ОИТСга қарши курашиш маркази раҳбари Улуғбек Назаров. - Натижада уларнинг жуда кам қисмида инфекция аниқланган бўлса-да, бу шахслар ихтисослаштирилган марказнинг диспансер назоратига олинди.

Айни пайтда ОИВ инфекцияси билан яшовчи шахсларнинг 91,2 фоизи антиретровирус терапияси билан қамраб олинган. Уларга тиббий ва психологик ёрдам кўрсатиш билан бирга, оппортунистик касалликларнинг олдини олиш учун зарур дори воситалари мунтазам бериб борилмоқда.

ОИВ инфекцияси тарқалишининг олдини олиш мақсадида вилоятдаги мутасадди ташкилотлар ва жамоат тузилмалари билан ҳамкорликда профилактик тадбирлар ўтказилмоқда. «Соғлом ҳаёт» дастури доирасида бозорлар, йирик савдо мажмуалари, кунлик ишчилар марказлари, вокзаллар ва бошқа аҳоли гавжум жойларда 100 та манзилда тарғибот тадбирлари ташкил этилди. Уларда 15 минг 228 нафар фуқаро ихтиёрий равишда экспресс-тест орқали текширувдан ўтди.

Ички ишлар органлари ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тунги рейдлар давомида СПА-салонлар ва сауналарда 1276 та экспресс-тест амалга оширилди. Меҳнат мигрантлари ва уларнинг оила аъзолари ўртасида профилактик ишларни кучайтириш мақсадида жорий йил август ойида аэропортда сўлак орқали экспресс-тест ўтказиш имконини берувчи махсус қурилма ўрнатилди. Натижада 301 нафар фуқаро ихтиёрий равишда ўзини текширувдан ўтказди (ижобий натижалар қайд этилмади).

ОИВ инфекциясининг онадан болага юқишининг олдини олиш мақсадида ОИВ билан яшовчи оналардан туғилган олти ойгача бўлган болалар марказлашган тартибда махсус қуруқ сут аралашмалари билан таъминланмоқда.

Бу каби тадбирлар туфайли вилоятда касалланиш аниқланиши кўрсаткичи пасайди. Яхши томони, текширувлар сони бир неча мартага кўпайди, аммо вирус юқтирганлар сони камайди.

Вилоят Матбуот уйида ўтказилган навбатдаги анжуманда шу каби бир қатор факт ва рақамлар, маълумотлар айтилди, оммавий ахборот воситалари вакиллари саволларига жавоб берилди.