Самарқандда пилла ҳосилини йиғиш бошланди
Пахтачи туманида жойлашган “Ziyovuddin Silk” пиллачилик кластерида пилла ҳосилини қабул қилишни бошлади.
Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда Ипакчилик ва жун саноатини ривожлантириш қўмитаси раиси Б.Шарипов, вилоят ҳокими Э.Турдимов иштирок этди.
Бундан 5-6 йил муқаддам республикамиз бўйича 20 млн. долларлик ипак маҳсулотлари экспорт қилинган бўлса, бугунги кунда мазкур кўрсаткич биргина Самарқанд вилояти улушига тўғри келмоқда. 1-2 мавсумда вилоятда 57 минг 329 қути ипак қурти парваришланиб, 3 минг 325 тонна пилла ҳосилини етиштириш ният қилинган.
Тадбир давомида иштирокчилар корхонанинг ишлаб чиқариш қуввати, экспорт маҳсулотлари ҳамда пилла қабул қилиш пунктларининг шайлик ҳолати билан танишди.
Шунингдек, касаначилар томонидан етиштирилган пиллалар тарозига тортилди ҳамда шу жойнинг ўзида меҳнат ҳақлари тўлаб берилди. Касаначиларга эсдалик совғалар топширилди.
Гулноза Бобоева, ЎзА.