Самарқандда қайси таълим муассасалари онлайн тарзда ўқишга ўтди?
Кейинги кунларда ижтимоий тармоқларда у ёки бу таълим муассасаси карантинга олиниб, ўқиш онлайн усулда амалга оширилаётгани ҳақида гап-сўзлар кенг тарқалди. Ушбу ҳолатлар ҳақида аниқ вазиятни билиш мақсадида Самарқанд вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси ахборот хизматига мурожаат қилдик.
Мутасадди ташкилот вакилларининг маълумотларига кўра, кейинги кунларда Самарқанд вилоятида ҳам аҳоли орасида COVID-19 инфекциясига чалиниш ҳолатлари кўпаймоқда. Жорий йилнинг 11 апрель ҳолати бўйича Самарқанд вилоятида 18 нафар ўқитувчи ва 29 нафар ўқувчида COVID-19 инфекцияси аниқланди. Самарқанд шаҳридаги 34, 32, 35, 71, 12-умумий ўрта таълим мактабида, Каттақўрғон туманидаги 50, 5 ва 13-мактабда, Самарқанд туманидаги 4-мактаб ва Ургут туманидаги 26- мактабдаги ўқитувчи ва ўқувчиларда ҳам бу касалликка чалиниш ҳолатлари аниқланди.
COVID-19 инфекцияси аниқланган мактабларда дезинфекция тадбирлари мунтазам равишда ўтказилмоқда. Касалликка чалинган беморлар билан мулоқотда бўлганлар ПЗР усулида текширилди. Касаллик аниқланганлар уй карантинига олиниб, масофавий ўқитиш усулига ўтказилди.
Самарқанд вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси юқоридаги ҳолатдан келиб чиқиб, фуқароларни яна бир бор ҳушёрликка чорлайди. Жамоат ҳамда иш жойларида тиббий ниқобни доимий тарзда тақиб юришга, ижтимоий масофани сақлаш, қўлларни мунтазам равишда ювиб туриш, антисептик воситалардан тез-тез фойдаланишга чақиради.