Самарқандда қурилаётган Гимнастика спорт турларига тайёрлаш маркази қачон фойдаланишга топширилади?
Президентимизнинг 2022 йил 23 декабрдаги «Гимнастика спорт турларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига кўра, Самарқандда замонавий моддий-техника ва ўқув-машқ базасига эга бўлган ҳудудий Гимнастика спорт турларига тайёрлаш маркази ташкил этиш белгиланган.
Айни пайтда Самарқанд шаҳрида гимнастика марказини қуриш ишлари бошланган бўлиб, қурувчи бош пудратчи ташкилот – “Agromir Buildings” масъулияти чекланган жамияти томонидан ишлар бажарилмоқда.
– Мазкур объект қурилишини 2023 йилда бошлаганмиз, – дейди “Agromir Buildings” МЧЖ инженери Саидмурод Кунузоқов. – Қурилишнинг биринчи босқичида гимнастика залини шу йилнинг февраль ойида фойдаланишга топшириш режалаштирилган бўлиб, ҳозирда бинонинг фасад ва ичкарисида пардозлаш ишлари олиб борилмоқда. Айни пайтда қурилишнинг иккинчи босқичида ошхона ва ётоқхоналар қурилиши давом этяпти, учинчи босқичда эса ишлар тўлиқ якунланади ва марказ жорий йилнинг май ойида тўлиқ қуриб битказилади.
Вилоятимизда бугунги кунда 160 нафарга яқин мураббий қўл остида 4,5 минг нафардан зиёд спортчи гимнастика спорт турлари билан шуғулланади. Вилоят гимнастика спорт турларига ихтисослашган спорт мактаби республикада етакчи бўлиб, мактабнинг 25 нафар спортчиси миллий терма жамоанинг асосий ва захира таркибига қабул қилинган. Бундан ташқари, туман ва шаҳар спорт мактабларида гимнастика спорт турлари бўйича 20 га яқин бўлим фаолият кўрсатмоқда. Гимнастикачиларимизнинг 80 нафардан ортиғи Ўзбекистон, 6 нафари Осиё чемпиони, 2 нафари Осиё ўйинлари ғолиби, 2 нафари жаҳон кубоги чемпиони ва совриндори бўлган.
– Гимнастика маркази гимнастика спорт турларига ихтисослашган спорт мактаби негизида барпо этилмоқда, – дейди ушбу мактаб директори Жасур Нурмонов. – Марказ спорт зал, беш қаватли ётоқхона ва ошхона ҳамда маъмурият биносидан иборат. Қарорга кўра, иншоот Самарқанд, Бухоро, Навоий, Жиззах, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятлари учун хизмат қилади. Ёшлар бадиий гимнастика, спорт гимнастикаси, спорт акробатикаси ва трамполин турлари билан шуғулланади. Марказга 2025-2026 ўқув йилидан 7 ёшдан 18 ёшгача бўлган 132 нафар иқтидорли ўқувчи-спортчилар қабул қилинади. Ўқиш муддати 11 йил бўлиб, ҳар йили 12 нафардан ўқувчи қабул қилинади ва битирувчиларга гимнастика спорт турлари мураббийи мутахассислиги берилади. Асосийси, гимнастика спорт турлари ривожланади, ёшларнинг спортга қамрови ошади, иқтидорли спортчилар селекция қилиниб, терма жамоаларга етказиб берилади.
Фазлиддин Рўзибоев.