Самарқандда Россия сармояси асосида 99 та корхона фаолият юритяпти
26-27 май кунлари юртимизга давлат ташрифини амалга оширган Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин «Ўзбекистон бизнинг стратегик ҳамкоримиз, ишончли иттифоқчимиз», дея таъкидлади.
Икки давлат раҳбарларининг музокаралари уч соат давом этди. Музокаралар давомида Россия Ўзбекистон билан кам қувватли атом электр станцияларини қуриш лойиҳаларини амалга ошириш, Ўзбекистоннинг Россия Федерациясидаги савдо ваколатхонаси очилиши белгиланди. Давлатлар ўртасида газ ташиш тизимини модернизация қилиш, газ, нефть ва нефть маҳсулотларини етказиб бериш ҳажмини ошириш, углеводородларни қайта ишлаш лойиҳаларини амалга ошириш бўйича келишувлар мавжуд. Шунингдек, қишлоқ хўжалиги, хавфсизлик, миграция, озиқ-овқат хавфсизлиги, инновациялар, рақамли технологиялар, сунъий интеллект каби қатор муҳим йўналишлар ҳам кўриб чиқилди.
Вилоятимиз ва Россия Федерацияси ўртасидаги ташқи савдо айланмаси ҳажми 2023 йил ва 2024 йилнинг биринчи чорагида 861,4 миллион доллар (экспорт 300,5 миллион доллар, импорт 560,9 миллион доллар)ни ташкил этди.
Рақамларга қарайдиган бўлсак, вилоятимизда Россия давлати билан ҳамкорликда 99 та, шундан 49 та қўшма корхона ва 50 та хорижий корхона фаолият юритмоқда. Шунингдек, 2023 йилда Россия давлатидан 36,2 миллион долларлик хорижий инвестициялар ўзлаштириш натижасида 1 та лойиҳа ишга туширилиб, 80 дан ортиқ янги иш ўрни яратилди.
Ҳозирги кунда Россия давлати билан ҳамкорликда 36 миллион долларлик янги 5 та лойиҳа амалга оширилаётган бўлиб, ушбу лойиҳалар ишга тушиши натижасида мингга яқин янги иш ўрни яратилиши режалаштирилган.