Самарқандда тиббиёт туризми ривожлантирилади

Бугун, 11 ноябрь куни Самарқанд шаҳрида Жанубий Корея билан тиббий туризм соҳасида ҳамкорлик қилиш истиқболлари келишуви бўйича онлайн конференция бўлиб ўтди.

Тадбирда Самарқанд шаҳридаги сайёҳлик фирмалари раҳбарлари, Чхонжу шаҳридан туризм бўлими бошлиғи Ким Ёнсунг, туризм маркетинги ва туризм бўлими раҳбари Жи Хунжа, туризм масалалари бўйича бошқарма бошлиғи Ким Дегон ва бошқалар иштирок этди.

Тадбир давомида Самарқанд вилояти туризмни ривожлантириш департаменти директорининг биринчи ўринбосари З.Абдуллаев сўзга чиқиб, тиббиёт туризмининг аҳамияти ҳамда Самарқанд ва Чхонжу ўртасидаги икки томонлама муносабатларни ривожлантириш истиқболлари ҳақида сўз юритди.

Конференция давомида Чхонжу шаҳрининг тиббий туризм имкониятлари тақдимоти бўлиб ўтди.

Самарқанд вилояти туризмни ривожлантириш департаменти матбуот хизматининг хабар беришича, келгусида туризм соҳасида халқаро ҳамкорлик кооперациясини ривожлантиришга қаратилган тадбирларни ўтказиш режалаштирилган.