Самарқандда умумхалқ экологик хайрия ҳашари бошланди

Бугун эрта тонгдан вилоятимизнинг барча туман, шаҳарларида умумхалқ экологик хайрия ҳашари бошланди.

Ҳашарни ўтказиш доирасида маҳаллалар, аҳоли пунктлари, кўп қаватли уйлар ва бинолар, ҳовлилар атрофи, гузарлар, хиёбонлар, зиёратгоҳлар ва қабристонлар, ариқлар, кўчалар ва йўлаклар ҳамда болалар майдончалари тартибга келтирилади.

Хайрия ҳашаридан тушган маблағлар Орол денгизининг суви қуриган майдонларида ҳимоя ўрмонларини барпо этиш, минтақада экологик ҳолатни ва аҳоли турмуш шароитини яхшилаш, кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатиш каби тадбирларга сарфланади.

Шунингдек, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Оролни қутқариш, унинг қуриган ҳудудида 500 минг гектар ўрмонзор барпо этишга киришилди. Янги йил арафасида бошланган мазкур эзгу ишларга Қорақалпоғистон ва республикамизнинг бошқа вилоятлари қатори самарқандлик қишлоқ хўжалиги ходимлари, ўрмончилар, селекционер, механизатор, ҳарбий хизматчи ва фавқулодда вазиятлар идоралари ходимлари ҳам жалб этилди. Қорақалпоғистоннинг Мўйноқ тумани саҳроларида вилоятимизнинг юз нафарга яқин мутахассислари 50 дан зиёд техника билан саксовул экиш ишларини амалга оширмоқда.