Умумхалқ ҳашарида тўрт юзга яқин оила хонадони таъмирланди
13-14 март кунлари мамлакатимизда “Юрт ободлиги, аввало, маҳалладан бошланади!” шиори остида ўтказилган умумхалқ ҳашари Самарқандда ҳам уюшқоқлик билан ташкил этилди.
Маҳаллалар, аҳоли тураржойлари, боғ ва хиёбонлар, қабристон ва зиёратгоҳларда ободонлаштириш ишлари амалга оширилиб, дарахт ва гул кўчатлари экилди. Шунингдек, маҳаллалар инфратузилмасини яхшилаш мақсадида кўчалар асфалт қилинди, ички йўллар таъмирланиб, қум-шағал тўшалди. Эҳтиёжманд оилалар, ёлғиз яшовчилар ва ёши улуғ инсонларнинг хонадонларида маҳалла аҳли томонидан ҳашар уюштирилиб, ҳовлилар, уй-жойлар тартибга келтирилди.
Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси вилоят бошқармаси масъул ходими Аловуддин Лапасовнинг таъкидлашича, вилоятдаги 1063 маҳаллада 3518 гектар майдон ободонлаштирилиб, 1367 тоннадан ортиқ маиший ва қурилиш чиқиндилари чиқарилди. 1300 километр ариқ ва лотоклар тозаланди, 1579 қабристон, 257 зиёратгоҳ тартибга келтирилди ва “Яшил макон” лойиҳаси доирасида 850 мингдан зиёд кўчат экилди. Шунингдек, ижтимоий кўмакка муҳтож 400 га яқин ортиқ аҳоли хонадони таъмирланди, 5315 нафар эҳтиёжмандларга моддий ёрдам берилди. Аҳолига хушкайфият улашиш мақсадида жойларда юзга яқин сумалак сайиллари ташкил этилиб, ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқаролар учун ифторлик дастурхонлари ёзилди.
– Умумхалқ ҳашари кунларида вилоятда тўрт юзга яқин ижтимоий соҳа обекти ва турли муассасалар фойдаланишга топширилди, – дейди А.Лапасов. – Натижада 984 та бўш иш ўрни яратилди. Шу билан бирга, муборак Рамазон ойида аҳолини қўллаб-қувватлаш, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга енгиллик яратиш мақсадида таъмирталаб 3227 та хонадон рўйхати шакллантирилиб, 499 та кам таъминланган оила хонадонларини таъмирлаш учун қурилиш материаллари олиб берилди. Ҳозирда бу каби эзгу ишлар давом этмоқда.
– Ижтимоий реестрда тураман, оиламиз шароити оғирлиги сабаб уйим жуда ачинарли ҳолатга келиб қолган эди, – дейди Қўшработ тумани Қўштамғали маҳалласида яшовчи Н.Хусанова. – Муборак Рамазон ойида давлатимиз эътибор қилиб, уй-жой қуриш учун 400 миллион сўм маблағ ажратди. Ҳозир замон талабларига мос қилиб, янги уй қуриб беришяпти, бундан жуда мамнунман.
Ф.РЎЗИБОEВ.