Элга ярашган урф
Мамлакатимиз мустақиллигининг 30 йиллиги олдидан август ойининг “Маҳаллаларни ободонлаштириш” ойлиги деб эълон қилиниши ва 21 август куни умумхалқ ободонлаштириш хайрия ҳашари ўтказишнинг белгиланиши айни муддао бўлди.
Чунки обод юртнинг файзи, таровати ўзгача бўлади. Улуғ байрам остонасида шаҳар-у қишлоқларимизнинг озода, пок, саранжом ва саришта бўлиши юртга барака келтиради. Бунда халқимизнинг йиллар давомида шаклланган эзгу қадрияти – ҳашар муҳим ўрин тутади. Ота-боболаримизнинг ўзаро ҳамжиҳатликда азалдан йўл, кўприк ва бошқа биноларни ҳашар йўли билан барпо этгани, байрамлар арафасида ўзи яшаётган ҳудудни ободонлаштириб, ораста ҳолга келтиргани ҳақида кўп эшитганмиз, ўқиганмиз.
Шу жиҳатдан Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 12 августдаги Фармойишига асосан байрам олдидан вилоятимиз туман ва шаҳарларида бир қатор тадбирларни амалга ошириш назарда тутилган. Жумладан, Вазирлар Маҳкамасининг Фармойиши асосида қабул қилинган вилоят ҳокимининг фармойишига асосан маҳаллалар, аҳоли яшаш пунктлари, кўп қаватли уйлар, бинолар ҳамда ҳовлилар атрофи, гузарлар, хиёбонлар, зиёратгоҳлар ва қабристонлар, ариқлар, йўлаклар ҳамда болалар майдончалари тартибга келтирилади, дарахтлар оқланиб, уларга шакл берилади, ҳудудларда санитария-гигиеник дезинфекция ишлари олиб борилади.
Кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож, боқувчисини йўқотган оилалар, пенсионер ва ёлғиз қариялар, ногиронлиги бўлган шахсларнинг уй-жой шароитларини яхшилашга кўмаклашилади.
Санитария-эпидемиологик талаблар асосида маҳаллаларда ободонлаштириш ишлари ўтказилиши жараёнида тўпланган чиқиндилар маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва бошқа мутасадди идоралар томонидан алоҳида белгиланган жойларга олиб чиқилади.
Бу хайрли ташаббусни барча юртдошларимиз қатори биз, самарқандликлар ҳам тўла қўллаб-қувватлаймиз. Давлатимиз мустақиллигининг 30 йиллик байрамини нишонлашга муносиб тайёргарлик кўриш мақсадида эълон қилинган ушбу умумхалқ хайрия ҳашарини юқори савияда, уюшқоқлик билан ўтказиш учун вилоятимиз аҳлини, ёшу-қарини хайрли тадбирларда фаол иштирок этишга чақирамиз.
Чунки ватаннинг обод ва кўркамлиги учун фидойилик кўрсатиш халқимизга хос бўлган ибратли урфлардандир.
А.Умаров,
вилоят ҳокимининг ўринбосари, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи.
С.Усмонов,
вилоят маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи ўринбосари, вилоят Нуронийлар кенгаши раиси.
А.Аҳтамов,
“Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлими раиси.
А.Райимжонов,
вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси бошлиғи.
А.Баҳромов,
вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик маркази бош врачи.