Самарқандда ҳашар бошланди
Бугун Вазирлар Маҳкамасининг тегишли фармойишига асосан “Обод ва файзли маҳалла – юрт кўрки!” шиори остида вилоятимизда умумхалқ хайрия ҳашари бўлиб ўтмоқда.
Ҳашар доирасида маҳаллалар, аҳоли пунктлари, кўп қаватли уйлар, бинолар, зиёратгоҳ ва қабристонлар, ариқлар ҳамда болалар майдончаларини тартибга келтириш, дарахтларни оқлаш ва шакл бериш, ҳудудларда санитария-гигиеник дезинфекция ишларини амалга оширилади.
Бундан ташқари, кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож, боқувчисини йўқотган оилалар, пенсионер ва ёлғиз қариялар, ногиронлиги бўлган шахсларнинг уй-жой ҳамда яшаш шароитларини яхшилашга кўмаклашиш, санитария-эпидемиологик талаблар асосида маҳаллаларда ободонлаштириш ишларини ўтказиш кўзда тутилган.
“Маҳалла” хайрия жамоат фонди Самарқанд вилоят бўлими ахборот хизматининг хабар беришича, ташкил этилган умумхалқ хайрия ҳашарида Самарқанд вилоятида 900 мингдан зиёд юртдошларимиз, жумладан, 550 мингга яқин ёшларимиз иштироки кутилмоқда.
Ҳашар давомида 1200 гектардан ортиқ ер майдонлари ободонлаштирилади, 950 тоннадан ортиқ маиший ва қурилиш чиқиндилари чиқариб ташланади, 1000 га яқин қабристон, 40 га яқин зиёратгоҳ ободонлаштирилиб, 60 минг тупга яқин манзарали ва 30 мингга яқин мевали дарахт кўчатлари экилиши, шунингдек, 130 километрга яқин ариқ ва зовурлар тозаланиб, ҳашар давомида яна 300 мингга яқин гул кўчатлари ўтқазилиши режалаштирилган.
Бу сафарги хайрия ҳашарида кам таъминланган оилаларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилади. Хусусан, ҳашар доирасида вилоятдаги 700 га яқин юртдошимизнинг хонадонлари таъмирлаб берилади. Бунинг учун салкам 200 миллион сўмга яқин маблағ сарфланиши кўзда тутилган.
Бундан ташқари, 450 дан зиёд эҳтиёжманд, 240 га яқин ногирон ва ёлғиз қарияларга қарийб 112 миллион сўмлик моддий ёрдамлар ажратилди, шундан “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ҳузурида ташкил қилинган “Саховат ва кўмак” жамғармасидан 93,5 миллион сўм сарфланади.
Ҳашар давомида фонд маблағлари ҳисобидан ҳар бир туман-шаҳардаги биттадан маҳаллаларда ош дамланиб, “Темир дафтар”даги ҳамда ижтимоий кўмакка муҳтож фуқароларга тарқатилиши кўзда тутилган.
***
Алишер Исроилов олган суратлар.