Самарқандда вольфрамни чуқур қайта ишлаш лойиҳаси муҳокама қилинди
Самарқанд вилоятида вольфрам қазиб олиш ва уни чуқур қайта ишлашга қаратилган йирик инвестиция лойиҳаси муҳокама қилинди. Бешинчи Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида Самарқанд вилояти ҳокими Адиз Бобоев Америка Қўшма Штатларининг “Cove Capital” компанияси раҳбари Пини Атаҳуз билан учрашув ўтказди.
Унда Пини Атаҳуз саноат ишлаб чиқариши ва стратегик минерал ресурсларни ўзлаштиришдаги тажрибаси ҳақида тўхталди. Томонлар Самарқанддаги вольфрам захираларини самарали ўзлаштириш билан бирга, рудани бойитиш, концентрат ишлаб чиқариш ҳамда юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар тайёрлашни ўз ичига олган тўлиқ ишлаб чиқариш занжирини йўлга қўйиш масаласини кўриб чиқдилар.
Лойиҳа доирасида геология ишлари, лицензиялаш, инфратузилма ва энергия таъминоти масалаларида маҳаллий ҳокимлик томонидан кўмак берилиши таъкидланди. Шунингдек, ҳудудда стратегик минерал ресурсларни қайта ишлашга ихтисослашган саноат кластерини ташкил этиш имкониятлари ҳам муҳокама қилинди.
Учрашув якунида ушбу ташаббус вилоятда янги саноат ўсиш нуқталарини шакллантириш, экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва халқаро инвестициявий ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилиши қайд этилди.