Самарқанддаги дорихоналар “таблода 24 соат”, аслида эса 8 соат ишлайдими?
Бугун, 2 март куни соат 01:30 да соғлиғим ёмонлашгани сабабли аптекадан дори олишга чиқдим. Самарқанд шаҳри М.Ҳайдаров кўчасидаги 5-оилавий поликлиниканинг олдида ижарада яшайман. Дори нондай зарур эхтиёжга айланган ҳозирги замонда аптекалар “таблода 24 соат” аслида эса 8 соат ишлаш режимига ўтганлигининг гувоҳи бўлдим.
Тадбиркор “аптекачи”ларни тушунса бўлади, тушум эрталаб ва кечки пайт зўр бўлади. Лекин “иссиқ жон” қачон оғришини билмайсиз экан. Лекин ярим кечаси, арзимаган пул турадиган дори-дармон бир инсон ҳаётини сақлаб қолиши мумкин.
5-оилавий поликлиника олдидаги икки дорихона эшигига “ёпиқ” ёзуви илинган. Беруний кўчасидаги Самарқанд “+Аптека” ҳам “минус”га кирган. Дорихона олдида эса бир-икки инсон “ёпиқ” деб ёзилган эшикни таққиллатяпти.
Шу заҳоти Микрарайондаги шаҳар марказий поликлиникаси, 1-шаҳар болалар шифохонаси ён-атрофидаги аптекаларга йўл олдим. Бу ерда ҳам “Ишлаш режими: 24 соат” ёзуви битилган бўлса-да, эшикка катта қулф осилган.
Соат 02:30 да 1-туғруқхона қарама-қаршисидаги дорихонадан дори олиб уйга қайтдим.
“Аптека”лар (айниқса, поликлиниканинг олдидагилар) тун-у кун ишлаши шартдек, назаримда.
Ғайрат МАДРАҲИМОВ,
журналист.