Самарқанддаги мактаб ўқувчилари 700 мингдан ошади, ўқув машғулотлари 14 сентябрдан бошланади
Бунинг учун 10 сентябрга қадар мактаблар етарли миқдорда санитария хавфсизлик жиҳозлари, жумладан, пирометр, дозатор билан таъминланади.
Шунингдек, 14 сентябрга қадар 54,5 минг нафар ўқитувчи-педагогларни коронавирусга тестдан ўтказиш ва уларни ўткир респиратор вирусли инфекцияга қарши эмлаш ишларини ташкил этилади. Ҳар ойда тиббий ниқоб ва антисептик воситалари билан таъминланади.
Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг сессиясида бу ҳақда тегишли қарор қабул қилинган.
Халқ ноиблари ишчи органи қарори билан масъулларга, шунингдек, вилоятдаги 81 та мактабда (тажриба синов тариқасида) “Электрон кундалик” дастурини жорий этиш, карантин қоидаларига қатъий риоя этган ҳолда 83 та “мактаб бозорлари” фаолиятини ташкил қилиш вазифаси юклатилган.
Ўқув йили олдидан вилоятдаги мактабларнинг инфратузилмаси яхшиланади. Жумладан, 332 тасига узлуксиз тоза ичимлик сувини етказиб бериш, 380 тасини иситиш тизими ва ҳожатхоналарини таъмирлаш чоралари кўрилади.
Қолаверса, 4 та математикани ҳамда 1 та кимё ва биологияни чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактаб фаолиятини ташкил этилади.
Умуман, жорий ўқув йилида умумий ўрта таълим мактабларининг 1-синфларига келиши кутилаётган 78 минг 897 нафар 6,5 ва 7 ёшли болаларга 12 номдаги “Президент совғаси” жойларга етказилмоқда.
2020-2021 янги ўқув йилида вилоятдаги умумий ўрта таълим мактаблари ўқувчилари 732 минг 470 нафар бўлиши кутилмоқда. Уларга 54 535 нафар (шундан, 7009 нафари ёки 12 фоизи ўрта махсус маълумотли) ўқитувчилар таълим-тарбия беради.
Вилоят бўйича 238 номдаги 3 миллион 292 минг 870 та дарсликларга буюртма берилган.
Маълумотлара кўра, вилоятдаги 1199 та мактаблар янги ўқув йилига тайёр ва барча муассасаларда дезинфекция ишлари олиб борилмоқда.